20 июнь куни Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Сардоба фожиаси ҳақидаги янги тафсилотларни ошкор қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов.

Таъкидланишича, Сардоба сув омбори тўғони ёрилишига асосий сабаб — унинг қурилиши охирига етмагани бўлган.

«Биринчидан, Сардоба сув омбори қурилиши ҳали тугамаган эди. Лекин лойиҳаси қилинган пайтда ҳудуди аниқ белгиланганди. Кейин энг катта масала, Сардоба сув омборида 27 млрд сўмлик ўзгаришларни назорат қилувчи (сув сизиб чиқишлар ҳақида хабар берувчи — таҳр.) қурилмалар ўрнатиш режаси бор эди. Аммо ўша лойиҳани молиялаш охиригача етказилмаганди. Ўша лойиҳа молиялаштирилганида сув чиқишни бошлаши билан сиреналар чалинарди. Бу тизим ҳали охирига етмаганди. Сардоба сув омборининг энг катта фожиаларидан биттаси — қурилиш охирига етмаганди», — деди вазир.

Ҳукумат вакилининг айтишича, сув омборида 300 млн куб метргача бўлган жараённи ҳаммаси якунига етказилган эди. «Асосий комиссия ҳам, ишчи комиссия ҳам бўлмаган эди. Биз тезроқ фойда берсин, халқ — жиззахликлар, сирдарёликлар қийналган, деб уни уч йил ичида тўлдириб ишлатишни бошлагандик. Аммо геологияси панд берди», — дея қўшимча қилди Хамраев.

Вазирнинг сўзларига кўра, Сардоба фожиасидан сўнг Ўзбекистондаги ҳамма сув омборлари назоратдан ўтказилган.

«Сардоба воқеалари ҳаммамизга катта дарс бўлди. Ўша воқеалардан кейин жуда нуфузли комиссия тузилиб, ҳамма сув омборларини яна бир марта элакдан ўтказдик: қаерда нима муаммо, нима гап, деб. Ҳатто ҳозир қурилаётган учта сув омборимизнинг лойиҳаларини қайта қайси томонга ўзгартириш (фикри туғилган — таҳр.). Лекин барибир совет даврида қурилган гидротехник иншоотлар, масалан, Андижон сув омбори мана, ҳалигача турибди. Айтмоқчи бўлганим бу конструкциялар жуда қимматга қурилган. Унга кетган арматуралар, бетонлар… Агар таққосласангиз жуда қиммат», — деди Шавкат Хамраев.

Вазирнинг таъкидлашича, фожиа юз бергандан сўнг катта сиғимдаги сувни сақлаб қолишга муваққат бўлинган.

«Давлатимиз раҳбари бошчилигида бутун ҳукумат ва экспертлар тўғонни ёпиш, сувни тўхтатиш масалалари билан шуғулланганмиз. Фойдали ҳажми 300 млн куб метр бўлган сувни сақлаб қолганмиз. Шу фойдали ҳажмни ҳар йили ишлатишимиз учун биринчи навбатда қандай ишларни қилишимиз кераклиги бўйича белгиланган чора-тадбирлар бор эди. Улар тўлиқ бажарилди. Қозоғистон томони бу жараёнда охиригача қатнашди. Иккита давлат вакиллари чора-тадбирларнинг тўғрилиги ва тўлиқ бажарилганлиги бўйича ҳужжатлар қилдик», — деди у.

Шавкат Хамраевнинг қайд этишича, аслида сув омборининг ҳажми 922 млн куб метр бўлган. «Авария бўлган пайтдан бошлаб ҳозиргача шу 300 млн куб метр фойдали хажмни ишлатиб келяпмиз. Бу йил ҳам 300 млн куб метр сувни тўпладик ва жуда самарали фойдаланяпмиз. Энг қизиғи, сув сал кўпайган пайтда тўлдириб оламиз-да, яна ишлатамиз», — деди вазир.

Шавкат Хамраев Сардоба сув омборининг тақдири бўйича ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, Сардоба сув омборини бошқариш «Ўзбекгидроэнерго» балансига ўтказилган, жуда тажрибали мутахассислар жалб қилинган ва ҳозирда самарали ишлатиляпти.

«Сардоба сув омбори бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди ва бир қанча вариантлар ичидан энг самарали бўлган биттаси танлаб олинди. Лойиҳага кўра, сув омбори 600 млн куб метр сиғимгача реконструкция қилинади. Фожиа пайтида сув бирданига кетган вақтда жуда кўп жойлар ўтирган, тупроқнинг зичлик даражаси ва бошқа нарсаларга анча зиён етган. Шу сабабли уни қайта тиклаш масаласи турибди. Бунинг учун анча йиллар ва кўп маблағ кетади», — деди Хамраев.

Унинг қайд этишича, 600 млн куб метргача кўтариш масаласи қарор билан тасдиқлаб қўйилган. «Шу бўйича ҳаракатлар олиб бориляпти. Бу жараён албатта, Қозоғистон томони розилиги ва иштирокида бўлади. Бу ҳақда [қарорда] ёзиб қўйилган», — дея қўшимча қилди у.

Шавкат Хамраев ҳозирги пайтда Сардоба сув омбори пастида қурилаётган Караман сув омборига ҳам тўхталиб ўтди.

«У Фориш туманининг тахминан 27 минг гектар янги ерларида қуриляпти. Лойиҳада 20 минг гектар қилинган, лекин сув тежовчи технологиялар билан 27 минг гектарга яқин [майдон ажратилди]. Бунга жуда кўп инвесторлар қизиқиш билдиряпти. Караман сув омбори Жанубий Мирзачўл каналидан сув ичади. Сардобага ҳам Жанубий Мирзачўл каналидан сув кирарди. Сардобанинг ютуғи шу эдики, [унга сув] ўзи оқим билан кириб, оқим билан чиқарди. Ундан пастроқда қурилаётган Караман сув омбори сувни 90 метрга насос билан кўтаради», — деди сув хўжалиги вазири.