E-auksion платформасида собиқ Algoritm заводи бино ва иншоотлари Strategic Development Team масъулияти чекланган жамиятига 307 млрд 602 млн сўмга сотилди.

Объектнинг бошланғич нархи 292 млрд 955 млн сўм бўлди. Кимошди савдосида Strategic Development Team`нинг таклифидан бошқа таклиф келиб тушмади. Савдо 16 дақиқа 32 сония давом этди.

Битим E-auksion платформасидаги энг йирик битимлардан бирига айланди. Аввалги рекорд сумма 2021 йил декабрь ойида қайд этилган бўлиб, Do’mbrobod City Group компанияси Чилонзор туманидаги ҳарбий шаҳарча жойлашган 27,86 гектарлик ер участкасини 266,4 миллиард сўмга сотиб олган эди.

Собиқ Algoritm бино ва иншоотларининг умумий майдони 89,8 минг квадрат метрни ташкил қилади. Объект 16,1 га майдонда жойлашган. Заводдаги ишлаб чиқариш корхоналари биноларни босқичма-босқич бўшатади, аммо харидор ижарачиларни ижара шартномасида кўрсатилган ставка бўйича бир йил давомида ишлашини таъминлаши керак бўлади.

2012 йилда заводда Candy жаҳон бренди ва миллий Roison бренди остида музлаткичлар, сплит-кондиционерлар ва кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди. 2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон Германия компанияларига Тошкентдаги Algoritm заводи негизида махсус саноат зонасини ташкил этишни таклиф қилган.

2021 йил июль ойида завод хусусийлаштириш дастурига киритилган. Объект илк бор ўтган йилнинг кузида аукционга қўйилган эди, деб ёзади Spot.

Харидор корхона 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, устав капитали 7 млн сўмни ташкил этади. Унинг эгаси сифатида Фатхулла Садиков кўрсатилган. Тадбиркор 10 дан ортиқ компаниялар, жумладан, Mars, Wrigley, Danone ва бошқалар маҳсулотларини тарқатиш билан шуғулланувчи Adler Group Distribution (47,5%), юк ташишга ихтисослашган Planet Service Plus (47,5%) ва Havas Food супермаркетлар тармоғига (70,1%) эгалик қилади.