Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси 1 июлдан Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғурта тизими жорий этилишини маълум қилди. Бу ҳақда январь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтган ҳайъат йиғилишида айтиб ўтилганди. Бундан ташқари, ушбу тизимни йўлга қўйиш ҳақида президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ҳам сўз борган.

Бунда аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори-дармонлар пакети бепул тақдим этилади. Жамғарма тизимининг вазифаси оилавий шифокорнинг мақомини кўтариш ва унинг йўлланмаси асосида кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатишдан иборат.

«Оилавий поликлиника шифокорлари томонидан бериладиган ҳар бир шифохонага [бориш учун] йўлланмалар рақамлаштирилди. Беморлар шифокор кўригидан ўтказилиб, даволанишга тасдиқланган йўлланма орқали бемалол ўзига белгиланган шифохонада муолажа олиши мумкин», — дея таъкидлади жамғарманинг Тошкент шаҳри филиали бўлими бошлиғи Ўролбой Сафаров.

давлат тиббий суғурта тизими

«Ҳозир ҳам йўлланмалар берилади. Лекин унинг ҳаммаси навбат асосида, сарсонгарчилик орқали олинади. Энди буларнинг барчаси рақамлаштирилган тизим орқали амалга оширилиб, шифохоналарда даволаниш ҳуқуқи берилади. Сарсонгарчиликларнинг олди олинади», — дея қўшимча қилди у.

Давлат тиббий суғуртаси тизими ҳақида аҳолидан ташқари тиббиёт ходимларини ҳам хабардор қилиш учун пойтахтдаги бирламчи тиббий муассасалар раҳбар ва ходимларига семинарлар ўтказилган.

Қайд этилишича, тиббий суғурта учун тизим рақамлашган бўлиши муҳим ва бу Тошкент шаҳридаги барча шифохоналарда бажарилган. Ҳозирда жамғарма Тошкент шаҳридаги 160 та тиббиёт муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Электрон базада ҳар бир беморнинг ташхиси, касалликлари, олган муолажалари ҳақида маълумотлар бўлади. Шу асосда шифокорлар беморни назоратга олиб, профилактика ва даволаш билан шуғулланади. Дори-дармонлар беришда ҳам янги тартиб жорий этилади.

«Реимбурсация — асосий сурункали 5 та касаллик 11 хил турдаги дорилар билан бепул, узлуксиз усулда таъминлаш мақсад қилинган. Беморлар дориларни электрон усулда ҳам олиши мумкин бўлади. Бунинг натижасида кўп сонли поликлиникаларга қатновлар сони камаяди», — дейди жамғарма ходими.

Олмазор тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Азизбек Низомовнинг таъкидлашича, олдинлари фақатгина рецепт асосида беморнинг қўлига шифокор томонидан дори ёзиб берилган бўлса, бугунги кунда бу реимбурсация тизимига ўтказилади ва рақамлаштириш орқали беморга дори-муолажалар ёзилади. Давлат тиббий суғуртаси билан шартнома тузган дорихоналарга борган беморлар ўзининг тиббий ID рақамини айтади ва тасдиқланган, рўйхатга олинган дориларни бепул олади.

давлат тиббий суғурта тизими

Масъулларнинг таъкидлашича, кафолатланган суғурта пакетига аҳоли орасида кўп учрайдиган касалликлар бўйича ўнга яқин тиббий хизмат киритилган. Тизим жаҳон стандартлари асосида такомиллаштириб борилади.