Фарғона вилоятида С ва D тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган корхона раҳбари ушланди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Фарғона туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона шаҳридаги «A.И.» МЧЖ раҳбари Н.Ч. фуқаро А.Қ.га ўқув машғулотларига қатнашмасдан, уларни ижобий якунлагани ҳақида маълумотнома бериб, С ва D тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 1 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.