Фарғона вилоятида мушукни қафасга қамаб, тириклайин ёқиб юборган ва жараённи тасвирга туширган уч нафар эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан БҲМнинг 3 баравари миқдорида (990 000 сўм) жаримага тортилди. Бу ҳақда Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Фарғона вилояти ИИБга таяниб хабар берди.

Қайд этиш керакки, бу 111-модданинг 1-қисмига мувофиқ энг кам миқдордаги жарима ва модданинг ушбу банди ҳайвоннинг ўлимини назарда тутмайди.

«Газета.uz» қарорга ойдинлик киритиш учун Олий суд матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот котиби Азиз Абидовнинг айтишича, иш судда кўриб чиқилмаган, жазо чораси профилактика инспектори томонидан мустақил равишда белгиланган.

Фарғона вилояти ИИБ томонидан 3 нафар ҳуқуқбузарнинг ўз қилмишидан пушаймон бўлгани ҳақидаги видеолавҳа эълон қилинди, эҳтимол, бу уларга нисбатан энг кам миқдордаги жарима қўллашга асос бўлган бўлиши мумкин.

«„Меҳр ва оқибат“ жамияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларга тезкорликлари учун ўз миннатдорчилигини билдиради, бироқ шахсларнинг даҳшатли ҳаракатлари нотўғри баҳоланган, деб ҳисоблайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 2-қисмига кўра, ҳайвонларнинг ўлимига ёки жароҳатланишига сабаб бўлган ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади», — дейилади ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти хабарида.

Бундан ташқари, жамият маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига мувофиқ, 111-модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик жиноят ишлари бўйича суднинг юрисдикциясига тегишли эканини таъкидлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189−1-моддасида (Тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) назарда тутилган жиноятни содир этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмаган.

Жамият раҳбарияти Бош прокуратурага жазони қонун доирасида қайта кўриб чиқиш талаби билан ариза юборганини маълум қилди.