19 июнь куни Остона шаҳрида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унинг мавзуси «Инновациялар ва технологияларни ривожлантиришда аёлларнинг роли» бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Минтақавий платформа Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ кўмагида 2020 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчи аёллари ўртасида аёллар билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ва ҳамкорликни ўтказиш мақсадида ташкил этилган. 2023 йилда мулоқотга Қозоғистон раислик қилмоқда, мамлакат рақамлаштиришни ўзининг устувор йўналишларидан бири деб эълон қилган.

Учрашувда минтақа мамлакатлари фаол ва ишбилармон аёллари, академик ва илмий доиралари, нодавлат ва фуқаролик сектори саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, демографик ривожланиш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, туризм, маданият, экология, савдо ва рақамли технологиялар соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

танзила нарбаева, марказий осиё етакчи аёллари мулоқоти

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида бугунги кунда мулоқот Марказий Осиёда муҳим ўрин тутаётгани ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб қўллаб-қувватланаётгани, минтақавий миқёсда чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида минтақа мамлакатлари аёллари томонидан яратилган инновацион лойиҳалар ва стартаплар тақдим этилди. Қишлоқ жойларда рақамлаштириш лойиҳалари, оила ва жамият, аёллар тадбиркорлиги, касб-ҳунар таълими ва бандлигини таъминлашнинг долзарб масалаларини ҳал этишга қаратилган тақдимотлар кўриб чиқилди.
Танзила Нарбаева Остонада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.