Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 19−23 июнь кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба куни кундузи республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +36…+41 даража, Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда +42…+45 даража атрофида бўлади.

Кавказ ҳудудларидан нисбатан бироз салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига сешанбадан иссиқ бироз пасаяди. Ҳаво ҳарорати иш ҳафтасининг охиригача +33…+38 даража атрофида бўлади. Республиканинг энг чекка жанубида иссиқ ҳаво массасининг таъсири сақланиб туради. Ҳарорат асосан +39…+41 даража, Сурхондарё вилоятида ҳафта ўртасига келиб, баъзи жойларда +42…+44 даражагача бўлади.

20 июнда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳафтанинг биринчи ярмида об-ҳавонинг беқарорлиги республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сақланиб туради — баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар ёғади. Душанбанинг иккинчи ярмида ва сешанбада баъзи жойларда ёмғир кучли ёғади, дўл ёғиши эҳтимолдан холи эмас.

19 ва 20 июнь кунлари республика бўйича баъзи жойларда, 23 июнда жанубда ва чўл ҳудудларда шамолнинг кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

Пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталаб 20 июнда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади.

Фақат душанбанинг иккинчи ярмида шамол тезлиги 12−17 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 19 июнда +38…+40 даража, кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача +35…+37 даража бўлади.