Ўзбекистон Экологик партиясидан мамлакат президентлигига номзод Абдушукур Хамзаевнинг Сурхондарё вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.

Унда номзод экологик хавф-хатарларга қарши курашиш, уларни бартараф этишда давлат ва жамоатчилик иштироки ҳамда назорати самарадорлигини ошириш таклифини билдирди.

«2030 йилдан бошлаб мамлакатда ички ёнув двигателли енгил автомобилларни сотиш, четдан олиб киришни тақиқлаш тарафдоримиз», — деди у учрашув чоғида.

Номзод, шунингдек, барча тизимдаги давлат идоралари фаолиятида, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш чораларини кучайтириш тарафдори эканини ҳам таъкидлади.

Унинг қайт эишича, давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган «Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси» ишлаб чиқилади. Шаҳарлар Бош режаларини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши, янги турар жойлар қурилишида «яшил зоналар» аҳолининг сонига мутаносиб равишда бўлиши зарурлиги талаби қонунчиликда белгиланади.

«2030 йилдан бошлаб 2009 йилдан кейин туғилганларга ёшидан қатъи назар сигарет сотишни тақиқлаш тарафдоримиз», — деди Хамзаев сайловчилар билан учрашувда.

Абдушукур Хамзаевнинг сайловолди дастури билан батафсил ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.