Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Аҳолининг енгил автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар беради ЎзА. Агентлик мазкур қарорни «узоқ кутилган» деб атади.

Қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигатель ҳажми 1 200 см кубдан юқори бўлмаган янги енгил автотранспорт воситалари учун (ТН ТИФ коди 8703 21 10, 8703 22 10 ва 8703 31 10) 2026 йил 1 январга қадар қуйидаги божхона божи ставкалари белгиланмоқда:

  • 1000 см кубгача — 0 фоиз (амалда — 15 фоиз + 0,4 АҚШ долл/куб см);
  • 1000−1 200 см куб — 5 фоиз (амалда — 15 фоиз + 0,6 АҚШ долл/куб см).

Натижада двигатель ҳажми 1000 см кубгача бўлган автомобиллар учун божхона тўловларининг жами миқдори амалдаги 39−43 фоиздан 19−23 фоизгача, двигатель ҳажми 1000−1200 см куб бўлган автомобиллар учун эса 44−52 фоиздан 30−36 фоизгача камаяди.