2023 йилда паст ва ўрта даромадли мамлакатларга пул ўтказмалари 1,4 фоизга қисқариб, 656 млрд доллар атрофида бўлади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг (ЖБ) янги прогнозида айтилади.

Ушбу ҳолат пул юборилаётган мамлакатлардаги иқтисодий фаолликнинг секинлашиши билан боғлиқ бўлиб, таҳлилчиларнинг фикрича, бу иш ҳақи ва мигрантларнинг бандлиги ўсишини чеклайди.

Барча ҳудудларда, айниқса Европа ва Марказий Осиёда (1%) ва Жанубий Осиёда (0,3%) секинлашув кутилмоқда. «Европа ва Марказий Осиёда юқори база эффекти ҳамда рублнинг АҚШ долларига нисбатан заифлашиши туфайли пул ўтказмаларининг ўсиши секинлашмоқда», — дейилади прогнозда.

2022 йилда ўсиш суръатлари сезиларли даражада юқори бўлди, бу тоифадаги мамлакатларга пул ўтказмалари оқими 8 фоизга ошиб, 647 млрд долларга етди. Кўрфаз мамлакатларида нефть нархининг юқорилиги, Россиядан Марказий Осиёга катта миқдордаги маблағ ўтказмалари ва АҚШнинг кучли меҳнат бозори муҳим пул ўтказмаларини қўллаб-қувватлади.

Минтақалар бўйича Европа ва Марказий Осиёга пул ўтказмалари оқими ўтган йили рекорд даражага етди ва 19 фоизга ўсиб, 79 млрд долларни ташкил қилди. Ушбу ўтказмаларнинг асосий қисми Россиядан жўнатилган ва Россия армиясининг Украинага бостириб кириши ўсишга таъсир қилмади, дея таъкидлайди ЖБ.

Арманистон, Грузия ва Ўзбекистонда ҳам Россиядан пул ўтказмалари оқими олтин заҳиралари ҳамда хорижий сармояларнинг кўпайишига олиб келди.