Тошкентда иккиламчи кўчмас мулк учун ўртача нархлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошди, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) шарҳида.

Иккиламчи бозор

Май ойида бутун мамлакатда иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўсиш суръати тезлашган. Агар апрель ойида 1 квадрат метр учун уй-жой нархининг ўртача ўсиши 1,7 фоизни ташкил этган бўлса, май ойида иккиламчи уй-жой нархи 2,5 фоизга ошган.

Ижара нархлари

Ой давомида Тошкент шаҳрида квартираларни ижарага олиш нархи 0,9 фоизга ошган. Туманлар кесимида ижаранинг 1 квадрат метри учун энг юқори нархлари пойтахтнинг Шайхонтоҳур (11,5 доллар), Яккасарой (11,3 доллар) ва Миробод (11,8 доллар) туманларида қайд этилган.

Ўтган йилнинг май ойига нисбатан Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи 8,0 фоизга қимматлаган. Йил бошидан бери эса ўртача ижара нархи 12,1 фоизга камайган.

Бозордаги сотувлар сони

Ой давомида уй-жой бозорида фаол ўсиш кузатилган, сотувлар 26,6 фоизга кўпайган. Агар апрель ойида олди-сотди битимлари сони 20,2 мингтани ташкил этган бўлса, май ойидаги битимлар сони 25 мингдан ошган.

Ўтган йилнинг май ойига нисбатан уй-жой олди-сотдиси бўйича тузилган битимлар сони 28,5 фоизга ошган.