Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Давлат буджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг 2022 йилдаги ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси бўйича Қонунчилик палатаси олдидаги ҳисоботида вазирлик сувни сарфлаш маданияти, уни ўлчаш ва етказиб бериш бўйича кескин таклифлар тайёрлаётганини маълум қилди.

«Ҳурматли президентимизга ҳам ахборот берганмиз, сувни сарфлаш маданияти, сувни ўлчаш, сувни етказиб бериш бўйича жуда бир кескин таклифларимизни тайёрлаяпмиз. Улар тайёр бўлиши билан 2024 йилнинг бюджет лойиҳасида ҳам буни ўзингиз кўрасизлар. Яъни сувга бўлган муносабатимизни кескин ўзгартирадиган, тежашни рағбатлантирадиган механизмлар ҳақида ўйлаяпмиз», — деди вазир.

Вазирнинг қайд этишича, 2022 йил давомида Ўзбекистонда 1800 километрдан ортиқ ичимлик ва 50 километрдан ортиқ оқава сув қувурлари тортилган. 1,6 миллион нафардан ортиқ аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланган. 464 та маҳаллада яшовчи 3,4 миллион нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси яхшиланган.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Ўзбекистон Марказий банкидаги ёшлар билан учрашувида мамлакатдаги сув тақчиллиги бўйича саволга жавоб бериб, ХВЖ мамлакатларга биринчи навбатда сув ресурсларининг тўғри нархланганига ишонч ҳосил қилиш борасида тавсия беришини таъкидлаганди.

Йиғилиш давомида Кристалина Георгиева Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовдан Ўзбекистонда сув бўйича нарх сиёсати қандайлигини ҳам сўраган. Мамаризо Нурмуратов эса «Бир сўз билан айтганда, бозорга ҳали ўтилмаган. Ҳозирча сувнинг нархи бозорда шаклланишига ўтишни ўйлаяпмиз. Ҳозирча фақат биринчи қадамлар қўйилди», деб жавоб берганди.