«Ўзагроэкспортбанк» Давлат активларини бошқариш агентлиги билан тузилган шартнома бўйича ўз мажбуриятлари бажарилганини ва устав капиталининг талаб қилинадиган миқдоргача оширилишини маълум қилди.

Банк капитали «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун талабларига жавоб беради ва 105 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади (камида 100 миллиард сўм бўлиши керак), дейилади банк хабарида.

1 сентябрдан бошлаб банкларнинг устав капитали камида 200 миллиард сўмни ташкил қилиши керак. «Ўзагроэкспортбанк» бу санагача қўшимча акциялар чиқариш орқали капиталини ошириб, 200 миллиард сўмга етказмоқчилигини маълум қилган.

2 июнь куни «Газета.uz» 1 май ҳолатига кўра саккизта банкнинг капитали банклар устав капитали бўйича кузда жорий қилинадиган энг кам миқдор — 200 миллиард сўмдан паст экани ҳақида ёзганди. Бу банклар рўйхатида Madad Invest Bank, «Пойтахт банк» (149 млрд), Ravnaq-bank (127 млрд), Uzum bank (108 млрд), Apex Bank (100 млрд), Smart Bank (99 млрд), Hayot Bank (-0,2 млрд) ва «Ўзагроэкспортбанк» (32 млрд) бор.