14 июнь куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги цехда портлаш содир бўлди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, соат 09:50 да туманнинг «Астробод» кўчасида жойлашган мис қувурлари ишлаб чиқариш цехининг бир қаватли бостирмаси (ангар)да ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти бошчилигида ёнғин-қутқарув экипажлари, шунингдек, прокуратура, ИИВ, Миллий гвардия, ССБ, Ҳудудгаз ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган. Айни вақтда ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 6 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.