Тошкент шаҳридаги Чорсу ва Эски жува деҳқон бозорлари ҳудуди тартибга келтирилиб, туристик жозибадорлиги оширилади. Бу ҳақда президентнинг Шайхонтоҳур туманини ривожлантиришга оид қарорида сўз борган.

Ҳужжатга кўра, бозор ҳудудидаги тартибсиз қурилмалар ўрнига лойиҳа асосида замонавий савдо расталари жойлаштирилади. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш, пиёдалар йўлакларини қуриш ва ирригация тармоқларини янгилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, бўш турган бино-иншоотларни миллий архитектура ишланмаларини акс эттирган лойиҳалар асосида реконструкция қилиш, ер майдонларида янги савдо расталарини қуриш режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш муддати этиб 2023 йил декабрь ойи кўрсатилган. Ишларнинг қиймати лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан белгиланиши, молиялаштириш манбаи банк кредитлари ва бозорларнинг маблағлари экани қайд этилган.

2022 йилнинг май ойида Маданий мерос агентлиги Чорсу бозоридаги марказий гумбазга ҳамоҳанг тарзда қурилган 7 та кичик гумбаз давлат муҳофазасига олинганини маълум қилганди. Агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиевнинг сўзларига кўра, гумбазлар Тошкентнинг юзи ҳисобланади. Илмий эксперт кенгаши аъзоси Зафар Ҳакимовнинг фикрича, Эски жува маконини археологик ёдгорлик сифатида сақлаб қолиш керак. Агентлик Чорсу бозорини Эски шаҳарнинг тарихий ҳудуди сифатида рўйхатга олишни режалаштираётганини билдирган.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон бозорлари уникаллиги ва ўзига хос муҳитини сақлаб қолган ҳолда замонавийлаштирилса, жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган бозорларга айланиши мумкинлиги ҳақидаги Atlas консалтинг компанияси тадқиқотини эълон қилганди.

Унда Тошкент шаҳрида 66 та бозор мавжудлиги, 4 та машҳур бозор (Чорсу, Олой, Миробод ва Янгиобод) энг катта сайёҳлик салоҳиятига эга экани қайд этилган.

Тадқиқот билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.