Фарғона вилояти ИИБ «Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» партиясини тузиш ташаббускори Хидирназар Аллақулов ҳамда шахси аниқланаётган фуқаролар ўртасида юзага келган ва ундан сўнг Фарғона ИИБда рўй берган можаролар ҳақида маълумот берди.

Аллақулов 7 июнь куни соат 09:10 да Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номли санъат саройи ҳудудига партияни рўйхатга олиш учун имзоларни тўплаш мақсадида йиғилишган. Шу ердаги бир нечта (шахси аниқланмоқда) фуқаролар билан низоли ҳолат юзага келган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Аллақуловнинг «Фарғона шаҳар ИИО ФМБга мурожаати ички ишлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган».

Шунингдек, ИИО ФМБ биносининг ташқарисида фуқаро Аллақулов фуқаро М.У. (1971 й.т.) билан ўзаро тушунмовчилик натижасида жанжаллашиб, «гўёки унинг имзо йиғиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аралашув бўлаётганлигини асоссиз важ қилиб, шаҳар ИИО ФМБ ҳудудига қайтиб кириб, ички ишлар органлари ходимлари билан жанжал уюштирган».

«ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан, фуқаро Аллақулов Х. ўз тарафдорлари А.Ш. ва Т.Ш. билан фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини бажараётган икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказишган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аллақулов тарафдорлари партиянинг YouTube каналида имзо йиғиш вақтида провакация уюштирилганини маълум қилишди. Эълон қилинган суҳбат ёзувига кўра, Аллақулов ва бошқалар ИББга олиб кетилган ва у ерда қўлларига кишан тақилган.

Май ойи охирида Хидирназар Аллақулов Андижонда имзо тўплаш вақтида ҳам провакацияга учрагани ҳақида маълум қилган эди. Андижон вилоят ИИБ жамоат тартиби бузилиши ҳолати ўрганилаётганини билдирди.