10 июндан 10 сентябргача Тошкент шаҳрида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этиладиган «Густав Климт ва буюк импрессионистлар» номли янги мультимедиа кўргазмаси бўлиб ўтади.

Бунгача «Ван Гог бўлмоқ» ва «Монедан Кандинскийгача. Санъатдаги инқилоб» мультимедиа кўргазмалари ўтказилган.

Янги экспозиция икки қисмдан иборат: машҳур бадиий ҳаракатга бағишланган «Импрессионистлар» ва австриялик рассомнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи «Густав Климт».

густав климт, импрессионистлар, мультимедиа кўргазма

Биринчи қисм ушбу бадиий йўналишнинг асосчиси ҳисобланган Эдуард Маненинг ижоди билан бошланади. Шунингдек, ташриф буюрувчилар Клод Моне, Эдгар Дега, Огюст Ренуар, Анри де Тулуза-Лотрек ва Анри Руссо асарларини ҳам кўришади.

«Рақамли технологиялар шарофати билан импрессионистларнинг дурдона асарларини гўзал мусиқа, улкан экранлар ва замонавий рақамли акс-таъсирлар уйғунлигида томоша қилиш мумкин», — дейди ташкилотчилар.

Экспозициянинг иккинчи қисми Густав Климт ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Кўргазмада рассомнинг 100 дан ортиқ суратлари тақдим этилган.

Павилён ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача очиқ, охирги сессия 19:10 да бошланади. Жума кунлари кўргазмага кириш бепул. Қолган кунларда унинг нархи 20 минг сўм. Мактабгача ёшдаги болалар ва мактаб ўқувчилари учун кириш бепул. Талабалар ва пенсионерлар учун 50 фоизлик чегирма мавжуд.