Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини таниқли санъаткорлар мероси билан яқиндан таништиришда давом этмоқда — «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуасининг олтинчи павильонида «Монедан Кандинскийгача. Санъатдаги инқилоб» мультимедиа кўргазмаси очилган. Экспозиция Германиянинг Vision Multimedia Projects жамоаси томонидан тайёрланган бўлиб, бунгача Германия, Бельгия, АҚШ, Таиланд, БАА, Уругвай ва Россияда ҳам намойиш этилган эди.

«Монедан Кандинскийгача. Санъатда инқилоб» кўргазмаси аввалги «Ван Гог каби бўлиш» рақамли кўргазмаси билан бир хил форматда ташкил этилган. Расмлар видеопроекция технологиялари ёрдамида жонлантирилган. Алоҳида тафсилотлар нафақат катта экранларда, балки полда ҳам кўрсатилади. Бу ташриф буюрувчиларга ўзларини «жонли» картиналарнинг бир қисми каби ҳис қилиш имконини беради.

Кўргазма XIX аср охири ва XX аср бошидаги энг муҳим бадиий оқимлар — импрессионизм, пуантиллизм, пост-импрессионизм, кубизм ва экспрессионизмга бағишланган тўққиз ҳикояга асосланган. Дунёга машҳур тўққиз рассом картиналарининг проекциялари уларни ифодалашга ёрдам беради. Танланган рассомлар орасида Клод Моне, Винсент ван Гог, Эдвард Мунк, Пол Сезанн, Василий Кандинский кабилар бор.

модернизм, мультимедиа кўргазма

Экспозициянинг мультимедиа қисми ахборот қисми билан тўлдирилади. Тақдимотчи ва дубляжчи актёрнинг овози ижодкорлар таржимаи ҳолидан фактлар, рассомлар дунёқарашини акс эттирувчи иқтибослар келтиради.

Кўргазма импрессионизм асосчиси Клод Моне ҳақидаги ҳикоя билан бошланади. Машҳур француз рассомининг «Таассурот. Қуёш чиқиши», «Сув устидаги нилуфарлар», «Соябон кўтарган аёл», «Майса устидаги нонушта» ва бошқа асарлари унинг расм услуби ҳақида тасаввур ҳосил қилади ва ундаги чуқур таъсирчан табиатни очиб беради. Моненинг ёруғлик ва ранглар ғалаёнига эга услуби ХIХ аср охири — ХХ аср бошида санъатда янги йўналиш — модернизмнинг пайдо бўлиши учун асос бўлган.

модернизм, мультимедиа кўргазма

Моненинг ландшафтлари ва портретлари ўз расм чизиш техникасини — пуантилизм ёки нуқта билан чизиш техникасини ишлаб чиққан нео-импрессионист Жорж Сёранинг Париж эскизлари билан алмашади. Бу услуб рассомга ўз асарларида ҳажм ва чуқурлик ҳиссини етказишга имкон берди.

Олма натюрмортлари, экспрессив портретлар ва шаҳар манзаралари постимпрессионист француз рассоми Пол Сезанни ифодалайди. Рассом ҳар бир расмда дунёнинг мукаммал қиёфасига интилган, натижада ўзига хос тенденция — кубизм пайдо бўлади. Кубизмнинг яна бир ёрқин вакили — испан рассоми Хуан Грисдир.

модернизм, мультимедиа кўргазма

Санъат йўналишлари бўйлаб виртуал саёҳат абстракционизм ва экспрессионизм билан тугайди — экспрессионизмнинг келиб чиқиши бошида норвегиялик рассом Эдвард Мунк туради. Ранглар контрасти ва шаклларнинг равшанлиги асосида қурилган охирги йўналиш учта рассомнинг асарлари билан ифодаланади: Роберт Делаунай, Пол Клим ва Василий Кандинский.

Ҳар бир сюжет кўплаб модернистларнинг расм ва мусиқани уйғунлаштириш орзусини амалга оширади. Ван Гог, Мунк, Грис ва Делоненинг ўзгарувчан расмлари фонида замонавий бастакорлар Дэниэл Хоуп, Андре Рьё, Оскар Шустернинг классик мусиқалари янграйди. Инглиз мусиқачиси Юсуф Халил кўргазма учун Моне, Клее ва Кандинский асарларига жўр бўлувчи махсус композициялар ёзган.

модернизм, мультимедиа кўргазма

Кўргазма ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилади. Бир сеанс 47 дақиқа давом этади.

Павильон ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача ишлайди. Жума куни кўргазмага кириш бепул. Бошқа кунларда эса чипта нархи 20 минг сўм. Мактаб ўқувчилари, талабалар ва пенсионерлар учун 50 фоизлик чегирма мавжуд.

Кўргазма 2023 йилнинг 1 июнига қадар давом этади.