Тошкент вилояти Бўка туманида чорва ўғирлашда гумонланган 36 ёшли фуқаро Усмон Салимбоев ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати воқеага сабабчи икки ходим ҳибсга олингани, туман ИИБ раҳбарияти эса ишдан бўшатилганини маълум қилди.

«Гумонланувчи У.С. Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлим юз берган», — дейилади вазирлик хабарида.

BBC`нинг ўзбек хизмати Усмон Салимбоевнинг оила аъзолари билан суҳбатини эълон қилди. Унда марҳумнинг укаси Аслиддин Салимбоевнинг айтишича, акаси яширингани учун дастлаб ИИБга уни олиб кетишган ва ИИБ биносида қийноққа солишган.

«Ўша куни уйда усталар ишлаётганди, [ИИБ ходимлари] усталарни рўйхатга қўйиш керак деб алдаб машинага олиб чиқди. Кейин ИИБ бордик. У ерда мени қўлимга кишан солиб урди. „Аканг билан шериксан, мол ўғрисисан“ деб менга туҳматлар қилди. Ўша ердан кейин машинага солиб, Бўка туманига олиб кетди мени. Борганимизда [ходим] маст эди. Бошимга целлофан кийдириб, бўғиб роса қийноққа тутди», — дейди Аслиддин Салимбоев.

Аслиддиннинг айтишича, улар Усмон Салимбоевни адвокат билан бирга ИИБга олиб келишган лекин адвокат бинодан чиқариб юборилган.

«Адвокатга ишониб бордик, лекин адвокатни қўлидан судраб чиқариб юборишди. Мени олиб қолишди. Кейин „аканг билан кўриштираман“ дейишдида кишан билан пастга олиб тушишди. „Тўхтаб тур ҳозир акангни кўрсатаман“ дедида кўрсатмади. Ўшанда акамни ўлдирган экан», — деди Аслиддин Салимбоев.

Daryo.uz нашри билан суҳбатда марҳумнинг яқинлари ҳам ушбу ҳолатни тасдиқлаган (кейинчалик мақола сайтдан ўчирилган, унга оид видео YouTube`даги «Qitmir Muxbir» каналига қайта жойланган).

«Аслиддинни туман ИИБга олиб боришиб, сен аканг билан ўғрилик қилгансан, деб роса уришибди. Икки кундан сўнг Аслиддинни адвокат ёрдамида олиб чиқдик. Аслиддин уйга келгач, у ерим оғрияпти, бу ерим оғрияпти, деявергач, текширтирсак, ҳамма жойи кўкариб кетган. Противогазни кийдириб, аямай уришибди. Расмларга олиб қўйдик. Кўп ўтмай, Усмоннинг ўзи келса, енгиллик бўлади дейишди. Шундан сўнг Усмон ўғирлаган молларни ИИБ ходимларига олиб бориб бердик. Усмон эса адвокат билан ИИБ биносига борди. Шу куни кечаси Усмоннинг укасини қўйиб юборишди. Биз ҳам қайтдик. Эртаси куни Бўкага борсак, Усмон йўқ, олиб кетишган, дейишди. Шу куни соат иккиларда эса, Усмон ўлибди деб эшитганимиздан сўнг, Бўка туман ИИБ биносига бордик», — дейди марҳумнинг тоғаси Тоҳир Салимбоев.

Суҳбатдошнинг айтишича, Усмон Салимбоев вафот этганини эшитган қариндошлари ва яқинлари, чамаси 35−40 нафар киши ўша куни Бўка туман ИИБ биносига бориб, Усмонни кўрсатишларини талаб қилган.

Марҳумнинг аммаси Муқаддас Норқўзиеванинг айтишича, Усмоннинг жасадида калтаклаш излари, қийноқ аломатлари яққол кўриниб турган.

«Инсон боласи ҳам шунақа урадими? Уларга бу ҳуқуқни ким беряпти? Қўлларини кесиб ташлаган. Бўйнидан бўғишган, қўлларининг изи бор. Буйракларини йиртиб ташлаган. Икки жиянимга ҳам целлофан кийдириб, урган экан. Жиянимни ўлдирганлар 10−15 йил ўтириб, қайтиб чиқади. Лекин менинг жияним энди қайтмайди. Вали деган ИИБ мансабдорига ишониб, адвокат билан айбини тан олиб борганди. Марҳум жиянимнинг тўрт нафар боласи бор эди. Улар отасиз қолди. Жиянимнинг руҳи тинчланиши учун ҳаммасига розиман, курашаман. Мелисалар айбдорларни уриб ўлдирсин деган қонун борми? Қаерда ёзилган бу», — дейди марҳумнинг аммаси.

Аслиддин Салимбоевнинг ушбу нашрга маълум қилишича, уни ИИБда 5 киши навбат билан урган.

Жамоатчилик муносабати

Жамоатчилик бу ва бундан аввалги ҳолатлар юзасидан эътироз билдириб, ички ишлар тизими ислоҳ қилинишини талаб қилмоқда.

Хусусан, блогер Нурбек Алимов ИИВ «ҳар қандай хато қилган ходимни максимал оқлаб, кейин унинг хатосини ёпиб бўлмайдиган даражага кепқолгандагина тан олиш ўрнига, ўзлари қонун ҳимоячиси ўлароқ ўз ходимларига нисбатан қаттиқроқ талабчан бўлишлари керак»лиги ёзди.

«Бугун эса халқ сизлардан қўрқади. Қўрқишга сабаблар кўп. Қўрқув бефарқликни келтириб чиқаради, бефарқлик эса деградацияни. Бу нарса келажакда ўзингизга ҳам зарар бўлиши мумкин. Ҳар куни чиқаётган турли негатив хабарлар, қаторасига юз бераётган 3−4 та ҳолатлар, тизим тубдан ислоҳотга муҳтожлигини яна бир бор эслатмоқда», — дейди блогер.

Журналист Илёс Сафаров эса қуйидагича пост қолдирган.

««Бугун халқни у ёмон кўрган раҳбарни ишдан олишга ўргатсак, эртага ўзимизга қийин бўлиб қолади». Элита тафаккуридаги ана шу тушунчани бугун, айнан ички ишлар тизими мисолида ўзгартириб бошламас, тизимда тезкор ислоҳотлар қилмас экан, пайдо бўладиган оқибатлар гўёки у қўрққан юқоридаги «оқибат»дан кўра ёмонроқ бўлиши мумкин», — дейди журналист.

«Яхши, дейлик, масалан, Андижон ҳокимини ишдан олиш масаласи баҳслироқ эди, лекин ички ишларда бўлаётган ишлар бу — террор, халққа қарши қаратилган жиноятку. Соҳа ана шу жиноятлар бошида турган, ишини эплолмаётган, террорга йўл қўйиб бераётганлардан тўла тозаланиши шарт. Ички ишлардаги ўлимлар, қийноқлар амалдаги ҳокимиятнинг ҳам, халқнинг ҳам манфаатларига фойда келтирмайди ахир», — дея таъкидлаган Илёс Сафаров.

Давлетов Telegram-канали ҳам ички ишлар тизими ислоҳ қилиниши кераклигини ёзган.

«Юқоридаги ва бошқа ҳолатлар ички ишлар органларига кириб қолган „бир-иккита ноинсоф“ ходим эмас, балки тизимли муаммо, муаммо бўлса ҳамки, бунга косметик ислоҳотлар билан эмас, қатъий ва тизимли асосда чора кўрилиши лозим. Ички ишлар органларининг инсоний юзи пайдо бўлиши керак. Бунинг учун тизим бошқарувини тўлақонли янгилаш, тизим шаффофлигини таъминлаш ва самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг вақти келди. Йўқса, ИИВ бошқарувидаги уқувсизлик ва хоҳишсизлик давлатга, сиёсатга доғ бўлиб, ўзини доимо эслатиб тураверади», — дея ёзган блогер.

Вилоят прокуратураси баёноти

Тошкент вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат юзасидан тарқалаётган маълумотларни «асосланмаган» деб атаб, уларга ишонмасликка чақирди.

«Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, терговни чалғитувчи, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишингизни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.