Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида электробус ва Cobalt иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилмоқда пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати.

Ҳодиса 6 июнь куни соат 15:20 ларда Мирзо Улуғбек тумани Дурмон йўли — Ғазалкент кўчалари кесишган чорраҳасида, 1958 йилда туғилган Л.С. бошқарувида бўлган Yutong электробуси ҳамда 2003 йилда туғилган Й.Ф. бошқарувидаги Cobalt иштирокида содир бўлган.

ЙТҲ оқибатида Cobalt ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари сабаб тиббий муассасага олиб борилган. Тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан Й.Ф. вафот этган. Шунингдек, Cobalt автомашинисининг бир нафар йўловчиси ҳам олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонага ётқизилган, ҳозирда у шифокорлар назоратида.

йтҳ, yutong, электробус

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг маълум қилишича, Cobalt ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига ҳаракатланиб, Дўрмон йўли кўчасидан Ғазалкент кўчасига чорраҳадан чапга бурилаётган электробуснинг олд ён қисмига келиб урилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни ҳам Yutong электробуси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганди. Унда ҳам ЙТҲга енгил автомобиль светофорнинг тақиқловчи чироғига ҳаракатлангани сабаб бўлган.