Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, Президент администрацияси тузилмасида президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили лавозими жорий этилди. 2023 йил 1 июлдан ЖСТ қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.

Қарор билан ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш ва сифатли амалга оширишни таъминлаш мақсадида ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга ташкилотга аъзо мамлакатлар билан бозорга кириш бўйича Ўзбекистоннинг позициясини аниқ белгилаб бериш ҳамда икки ва кўп томонлама музокаларда ташқи савдо режимини тариф ва нотариф чоралар орқали ўзгартириш бўйича қарор қабул қилиш вазифаси юклатилди.

Махсус вакил бир пайтнинг ўзида ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси ўринбосари ҳамда музокалар гуруҳи раҳбари — бош музокарачи ҳисобланади. Бу лавозимга Азиз Урунов тайинланган.

Унинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш;
  • ташкилотга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаларнинг самарали ўтказилишини ва музокараларда ҳар бир масала бўйича аниқ позиция ишлаб чиқилишини таъминлаш;
  • ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида ташкилот котибияти ва аъзо давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари билан доимий ишчи алоқаларни ўрнатиш;
  • ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида донорларнинг техник кўмаги ва грант маблағларидан самарали фойдаланишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш.

Шунингдек, Адлия вазирлигига миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш вазифаси юклатилган ва бунинг учун қўшимча 5 та штат бирлиги ажратилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тузилмасида Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш ва савдо музокалари департаменти ташкил этилади. 20 та вазирлик ва идора марказий аппарати тузилмасида ЖСТ масалалари бўйича бўлинмалар ташкил этилади.

Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхонасида ЖСТ масалалари бўйича биринчи котиб лавозими киритилади.

17 май куни бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Ходжаев Самарқандда бўлиб ўтаётган ЕТТБ йиллик форумида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидан олдин Ўзбекистон қўйиши керак бўлган қадамлар ҳақида гапириб ўтганди.

Жамшид Ходжаев ЖСТга аъзо бўлиш муддатлари ҳақидаги саволга шундай жавоб берган: «Тренд динамик бўлади, биз бу борада фаол иш олиб боряпмиз. Бизда жуда қисқа муддат бор ва унинг устида ишлаймиз».

Шавкат Мирзиёев эса 14 апрель куни ташкилотга аъзо бўлиш жараёнининг бориши ва истиқболларига бағишланган тақдимотда шундай деганди: «Кейинги 3 йилда биз тайёр маҳсулот экспортини икки баравар оширишни режалаштирганмиз. Бунга эришишнинг ягона йўли ЖСТга аъзо бўлишдир. Бу 164 давлат билан савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларга эга бўлиш имконини беради».