Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган «Глобал дарвоза» анжуманида Ўзбекистон ЕИ билан ҳамкорликда ривожлантиришга тайёр бўлган йўналишларни санаб ўтди, деб хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.

Бугун дунё глобал миқёсда чуқур ишонч инқирози ва хавфсизлик муаммолари кучайиб бораётганини таъкидлаб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги дўстона алоқалар Евроосиёдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятга ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирди.

Владимир Норов Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо алоқаларини чуқурлаштириш учун барча имкониятлардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

Масалан, GSP+ схемаси бенефициари мақоми ўзбек экспортёрларига Европа бозорига 6200 номдаги товарларни божсиз етказиб бериш имконини беради. Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон экспорти қарийб икки баробар, савдо айланмаси эса 15 фоизга (3 млрд евродан ортиқ) ўсди.

Шу билан бирга, денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган Марказий Осиё давлатлари экспорт қийматининг 60−70 фоизини ташкил этувчи катта транзит ва транспорт харажатларини ўз зиммаларига оладилар. Божхона тартиб-қоидаларининг номукаммаллиги туфайли эса ташувчилар ўз вақтининг 40 фоизини ташишга сарфлайди.

«Бизнинг Европага ташиш нархи ҳар бир контейнер учун 3500 доллардан 10 минг долларгача, юк ташиш вақти эса 20 кундан 35 кунгача ошди», — деди Владимир Норов. У бу ҳолат нима билан боғлиқ эканига аниқлик киритмади.

Шу муносабат билан ТИВ раҳбари ЕИнинг Транс-Европа транспорт тармоғини (TEN-T) Марказий Осиёга стратегик йўлак билан боғлаш ҳамда Евроосиёнинг Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларида алоқадорлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади.

«Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши бўйича стратегик жиҳатдан йирик лойиҳани илгари суришда Европа томонининг ёрдамига умид қиламиз», — деди Владимир Норов.

Шунингдек, у қурилаётган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлининг Транскаспий мультимодаль йўналиши билан боғланиши Европа ва Осиё ўртасида ягона транспорт тармоғини яратишини қўшимча қилди.

ТИВ раҳбари, шунингдек, божхона тартиб-қоидаларини уйғунлаштириш, тарифлар орқали қабул қилиш ва Транскаспий йўналишида ягона рақамли тармоқ яратиш бўйича ЕИ-МО форматида учрашув ўтказишни таклиф қилди.

«Европа компанияларининг фуқаро авиацияси инфратузилмасини ривожлантиришга киритаётган сармояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз Осиёга юк ва йўловчилар транзити учун марказларимизни тақдим этишга тайёрмиз», — деди Владимир Норов.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Global Gateway стратегияси доирасида Европа ва Осиё минтақаларида транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастурни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда.

Владимир Норов, шунингдек, Ўзбекистон минтақа давлатлари кўмагида рақамли тармоқлар, жумладан, сув ости ва сув усти оптик толали кабеллар, ҳимояланган космик алоқа тизимлари ва булутли маълумотлар инфратузилмаларини жойлаштириш бўйича европалик шериклар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

«Ишончим комилки, Европа Иттифоқи томонидан Болгария ва Грузия ўртасидаги „Қора денгиз оптик толали кабель тизими“ кенг полосали алоқа линиясини ётқизиш бўйича лойиҳа Марказий Осиёга бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди ТИВ раҳбари.

Шунингдек, у Европа Иттифоқининг «Рақамли Европа» дастури доирасида маълумотлар инфратузилмаси: маълумотлар марказлари ва интернет-трафик алмашиш пунктларини ривожлантириш бўйича қўшма инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

Бундан ташқари, Владимир Норов «яшил» иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилишга чақирди.

У Ўзбекистон БМТнинг Оролбўйи минтақаси бўйича кўп шериклик траст фондига қўшган ҳиссаси (5,2 млн евро) учун Европа Иттифоқидан миннатдор эканлигини ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

«Биз Европа Иттифоқи ва қўшни давлатлар вакилларини 2023 йилда Нукусда БМТ шафелигида бўлиб ўтадиган Орол денгизи бўйича биринчи халқаро форумда иштирок этишга таклиф қиламиз», — деди ТИВ раҳбари.

Владимир Норов ўз нутқи якунида Ўзбекистон 2023 йил февраль ойида Римда бўлиб ўтадиган атроф-муҳит ва сув бўйича «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» конференцияси якунлари бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилишни муҳим деб билишини таъкидлади.

«Биз Европа Иттифоқининг Ўзбекистонда рақамли трансформация, инклюзив яшил ўсиш ва яшил қишлоқ хўжалиги сектори учун 2021−2024 йилларга мўлжалланган молиявий ва техник ёрдами (83 млн евро) учун миннатдормиз», — деди ТИВ раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, Марказий Осиёда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва унинг қўшнилари 2025−2027 йилларга мўлжалланган ушбу дастур доирасида минтақада лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар ҳажмини оширишга умид қилмоқда.