Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳафта давомида кузатилган қуруқ ва ўртача иссиқ об-ҳаво дам олиш кунларида ҳам сақланиб туради, деб хабар қилди Ўзгидромет.

2−4 июнь кунлари республиканинг барча ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳаво ҳарорати 34…+39 даража атрофида бўлади. Бундай ҳарорат июнь ойининг бошидаги меъёрий қийматлардан 2−4 даражага юқоридир. Аммо Ўзбекистоннинг метеорологик кузатувлари йилномасида айрим йиллар борки, ушбу йилларда ҳаво ҳарорати июнь ойининг энг бошида 38…+40 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 41…+43 даражагача кўтарилган.

Республиканинг тоғли ҳудудларида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Фарғона водийси билан чегарадош айрим тоғли ҳудудларда жума кунининг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шимолда ва чўл ҳудудларда 2 июнда шамол 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 2−4 июнь кунлари ҳаво кам булутли бўлади, шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади. Ҳарорат 34…+37 даража атрофида бўлади.

Аввалроқ Ўзгидромет 5−8 июнь кунлари Ўзбекистонга Эрондан иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига ҳаво ҳарорати +42 даражагача кўтарилишидан огоҳлантирганди. Жойларда шамол тезлиги сониясига 15−20 метргача кучайиши ва чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.