Ўзгидромет хизмати агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев 5−8 июнь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши ва бунинг ҳисобига ҳаво ҳарорати максимал даражага чиқишидан огоҳлантирди.

Хусусан, 5−6 июнда ҳарорат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида +40…+41 даражагача кўтарилади. 6−8 июнда эса Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида +40…+42 даражагача ошади.

Шунингдек, 5−8 июнда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида +38…+40 даражагача, 7−8 июнда Фарғона водийси вилоятларида +36…+39 даражагача кўтарилади.

7−8 июнь кунлари шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади.