Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтаётган таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Светлана Осипова кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

+73 кг вазн тоифасида баҳслашган спортчи дастлабки жангда италиялик Алессандра Иличга қарши даянга чиқиб, уни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи босқичда америкалик Ханна Кек билан жанг қилиш керак эди. Бироқ АҚШ вакиласи жароҳат сабаб жангда даянга кўтарилмади. Шу тариқа Осипова тўғридан-тўғри кейинги босқичга йўл олди.

Чорак финалда марокашлик Фотима Абуфарасни, ярим финалда эса 3 карра жаҳон чемпиони британиялик Бянка Кукни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бироқ ҳал қилувчи беллашувда туркиялик Нафия Кушга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнирда иккинчи ўринни олди.

Ушбу натижа орқали Осипова жаҳон ва Париж-2024 Олимпиадаси рейтингидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олди.

Аввалроқ ўзбекистонлик Олимпия чемпиони Улуғбек Рашитов ҳам мазкур турнирда бронза медалига эга чиққанди.

Маълумот учун, 2022 йилда Мексикада таэквондо бўйича ўтказилган мусобақада Осипова жаҳон чемпиони бўлганди. Финал беллашувида у исроиллик спортчини мағлубиятга учратган.