Фарғона вилоятида 14 гектар ер майдонини ноқонуний равишда 140 минг долларга сотмоқчи бўлган Россия фуқароси қўлга олинди, деб хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

26 ёшли фуқаро вилоят ИИБ бошлиғи номига ёзган аризасидан сўнг жиноят қидирув бошқармаси, коррупция ва иқтисодий жиноятларга курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

1985 йилда Қирғизистонда туғилган Россия фуқароси Қувасой шаҳри Қучқорчи қишлоғида жойлашган боғдорчилик фермер хўжалигига узоқ муддатга ижарага берилган ерни ҳеч қандай ҳужжатларсиз сотишга урингани аниқланган.

Гумонланувчи олдиндан бўнак сифатида талаб қилинган 15 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.