Тошкентнинг Яшнобод туманида фуқароларга 20 минг доллар эвазига Ҳаж визасини тайёрлаб бермоқчи бўлган фирма раҳбарлари қўлга олинди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

31 май куни Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Яшнобод тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари фуқаро Ю.А.нинг аризасида келтирилган важларни текшириб кўриш учун Шайхонтоҳур туманида жойлашган «E.R» МЧЖ офисида тезкор тадбир ўтказган.

Унда МЧЖ раҳбари Х.М. ва менежери Б.Ч. фуқаро А.М.ни алдаб, унга ва онасига юқори лавозимда ишловчи мансабдор танишлари орқали Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун Ҳаж визасини тайёрлаб беришни ваъда қилган. Бунинг учун 20 минг доллар сўраган.

Шундан 4 минг долларни олган вақтда холислар иштирокида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан фуқаролар Я.Х., М.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекснинг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «б» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистонда фуқароларни Ҳажга юбориш ваколати фақатгина қўмита ва Мусулмонлар идорасида мавжуд экани, хусусий компанияларнинг ушбу фаолиятни олиб бориши ноқонуний эканини маълум қилган эди. Ноқонуний сафарлар учун Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва 10 йилга киришни тақиқлаш жазоси кўзда тутилгани эслатиб ўтилди.

Ўзбекистонда Ҳаж мавсуми 4 июндан бошланади.