6 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий ҳисоботлар таҳлилини эьлон қилди. 2020 йилда энг кўп зарар кўрган давлат иштирокидаги корхоналар ўнталигида «Ўзтрансгаз» пешқадам бўлди. «Uzbekistan Airways» 755,7 млрд сўм зарар билан 2-ўринда. Бу рўйхатнинг 8-поғонасида Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби ҳам жой олган. Жамоа 2020 йилда 82,7 млрд сўм зарар кўрган. Бу — факт.

Шу хабарлар ОАВда эълон қилингач ижтимоий тармоқларда «Пахтакор»нинг давлат бюджетидан шунча маблағни совургани, нафақат бир клуб, балки футболнинг зарарлари ҳақида турли хил фикр-мулоҳазалар янгради. Фикрлардан энг кўпи сўнгги йилларда клуб ўзини хусусий жамоа дейиши, давлат бюджетидан пул олмай келганлиги ҳақида бўлди.

«Пахтакор» футбол клуби ҳам ўша куннинг ўзида баёнот берди. Унда клубнинг 80 фоиз улуши 2017 йилда «SFI Management Group» МЧЖга ўтказиш ва клубнинг устав фондидаги 20 фоиз улушни Тошкент шаҳар ҳокимлигида сақлаб қолиш маъқулланганлиги айтилади. «Шу вақтдан буён „Пахтакор“ футбол клуби бюджети тўлиғича „SFI Management Group“ МЧЖ томонидан шакллантириб келинган. „Пахтакор“ футбол клуби ўтган йиллар мобайнида давлат бюджетидан умуман маблағ олмаганлигини маълум қиламиз».

«Давлат активларини бошқариш агентлиги тарқатиш учун тайёрлаган маълумотларининг тўғри ва холис экани бўйича мажбуриятга эгалигини унутмаслиги лозим», — дейилган клуб баёнотида.

Аслида, клуб ўз баёнотида қанча миқдорда зарар кўргани (ёки фойда кўргани) ҳақида бирор нарса демаган, лекин агентлик маълумотларининг тўғри ва холис экани бўйича мажбуриятга эгалигини унутмасликка чақирган.

«Газета.uz» Давлат активларини бошқариш агентлига баъзи саволлар билан мурожаат қилди. Клубнинг ўзини хусусий деб билиши, шу ҳолатда ҳам футбол жамоаси қандай қилиб энг кўп зарар кўрган 10 корхона таркибига киритилганлиги ҳақида агентлик қуйидагича жавоб берди: «Пахтакор» футбол клуби МЧЖнинг таъсис ҳужжатларига асосан клубнинг иштирокчиларидан бири Тошкент шаҳар ҳокимлиги (20 фоиз) ҳисобланади. Қонунчилик талабларига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли бўлган акциялар пакети ва улушлар давлат улуши ҳисобланади. Шунга кўра, клуб давлат иштирокидаги корхона ҳисобланади", — дейилади берилган жавобда.

Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги эълон қилинган маълумотларда корхоналарнинг 2020 йил якуни бўйича олган даромадлари (соф фойдаси) ҳамда зарарлари келтирилганлиги, унда бюджет маблағлари олинган ёки олинмаганлиги ҳақида айтилмаганлигини қайд этди.

«Ўз навбатида, таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда давлат иштирокидаги футбол клублар фаолиятини даромадларининг асосий манбаси уларнинг бош ҳомийлари томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобланади», деб қўшимча қилди агентлик.

30 апрель куни «Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Вазирлар маҳкамасининг қарори чиқди. Ушбу қарор иловасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги эндиликда «Пахтакор» футбол клубининг бош ҳомийси эканлиги кўрсатилган.

Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз телеграм-каналида ёзишича, «SFI Management Group» компанияси «Пахтакор» клубининг 80 фоиз акциясидан воз кечган. Натижада, клуб тўлиқ равишда пойтахт ҳокимлигига тегишли бўлади.

Лекин, Никимбаевнинг таъкидлашича, мазкур ҳолат «Пахтакор»ни эндиликда 100% Тошкент шаҳар ҳокимлиги молиялаштиради дегани эмас. «Катта эҳтимол билан клубда ҳомийлик гуруҳи бўлади, улар клубга ғамхўрлик қилиш юкини ўз зиммаларига олишади», — дейилади постда.

Шахсан ўзимнинг маълумотларимга кўра, «Пахтакор»га тез орада янги ҳомийлар келади. Бироқ шу ўринда ўйлантирадиган саволлар ҳам мавжуд: эндиликда футбол клуби янги ҳомийлар келганида ҳам давлат бюджетидан пул олмайдими? Ҳозирда Тошкент шаҳар ҳокимлигида мавжуд акцияларнинг бирор қисми янги ҳомийлар келгач улар ҳисобига ўтадими? Менимча, катта эҳтимол билан шунақа бўлади.

«Пахтакор» давлат бюджетидан пул олгани жамоа томонидан инкор этилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам ўзлари тақдим этган статистикада жамоанинг қаердан пул олганлиги айтилмагани, балки футбол клубининг қарзлари ҳақида маълумот берилганини таъкидлади. Ҳозирда эса «Пахтакор» тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли. Кейинчалик ҳомийлар топилса молиялаштириш кўп эҳтимол ҳомийлар томонидан амалга оширилади. Топилмаса давлат бюджетидан жамоа пул оладими, йўқми — буниси ҳозирча аниқ эмас.

Оғабек Самисов

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.