Ўзбекистонда экологик муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига айлантирилди. Бу ҳақдаги фармон президент Шавкат Мирзиёев томонидан 31 май куни имзоланган.

Вазир Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га берган интервьюсида экология соҳасидаги жиддий муаммоларга ҳудудлар раҳбарлари, экология ва ички ишлар органларининг эътиборсизлиги сабаб бўлганини билдирди. Жумладан, кўплаб ҳуқуқбузарликлар табиатни муҳофаза қилиш органларининг ваколатлари етарли эмаслиги сабабли содир бўлмоқда.

«Дарахтлар ва яшил майдонларни бетонлаш, дарахтларга реклама жойлаштириш, дарахтларни лампочкалар билан безаш — нега бундай бўлмоқда? Вазиятни таҳлил қилиб, назорат йўқлигини, инспекторлар етарли эмаслигини англаб етдик. Оқибатда улар ё қонунбузарликка шерик бўлади ёки шунчаки кўз юмади», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий фаолият эркинлиги, аҳоли фаровонлиги ёки туризм бўйича рейтинги ошиб бормоқда, бироқ 2022 йилги Фаровонлик индекси натижаларига кўра, мамлакатдаги экологик вазият дунёдаги энг ёмонларидан бири.

Президент фармонида Ўзбекистон ҳудудларида, айниқса, шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашиб бораётгани, атмосферага чиқинди газлар чиқишини камайтириш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмагани таъкидланган.

Дарахт ва буталарни кесишга эълон қилинган мораторий даврида 44 мингга яқин, шу жумладан, 9500 га яқин қимматбаҳо дарахт турларининг ноқонуний кесилиши оқибатида табиатга 36 миллиард сўмлик зарар етказилган.

«Мамлакатимиздаги атроф-муҳит ҳолати ёмонлашишининг оқибатларига мисоллардан бири аллергия ҳисобланади, — дейди Азиз Абдуҳакимов. — Бу катта муаммо. Экология инсон хатоларини кечирмайди, ҳаммаси қачондир қайтиб келади. Вазият жуда оғир, лекин ҳозир мамлакатда экологик муаммоларни ҳал қилиш учун яхши пойдевор яратилмоқда».

Фармонда ҳайвонлар, жумладан, уй ҳайвонлари ва қаровсиз ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, уларни идентификация қилиш, чиплаш, эмлаш ва стерилизация қилишнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги ҳам қайд этилган.

«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда назоратсиз ва тизимсиз чорва боқиш, ерости сувларидан илмий асосларсиз фойдаланиш ҳолатларининг кўпайиши экотизимларнинг бузилишига, катта майдонларнинг деградацияси ва чўлланишининг кучайишига олиб келмоқда, оқибатда иқлим ўзгаришининг таъсири кучаймоқда, инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид пайдо бўлмоқда», дейилади ҳужжатда.

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда жами 27 та экологик ҳуқуқбузарлик бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, улар фақат енгил молиявий жазо тарзида жазоланган.

Чиқиндилар полигонларининг ҳолати ҳануз экология ва санитария талабларига жавоб бермайди, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш технологияларини жорий этишнинг кечикиши уларнинг келажакда экологик ҳалокат даражасидаги муаммога айланиши хавфини туғдирмоқда, дейилади қабул қилинган ҳужжатда.

Президент фармони билан ислоҳ қилинган вазирлик Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 1 июлга қадар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазони кучайтириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ҳукуматга тақдим этиши керак. Улар қуйидагиларни таъминлаши керак:

  • атроф-муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни жиноят деб квалификация қилиш;
  • Қизил китобга киритилган ҳайвонларни ноқонуний овлаганлик учун жарима миқдорини ошириш — 10 баравар; ўсимликларни йўқ қилиш ёки уларни ўсишдан тўхташ даражасигача шикастлантириш — 5 баравар;
  • ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жарима миқдорини ошириш — 10 баравар. Ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар ҳайвонларни боқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади;
  • турли чиқиндилар билан ишлашда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун уларнинг ҳажмини 10 баравар оширган ҳолда маъмурий жарималар қўллаш.
  • Шу билан бирга, ушбу қоидабузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100−300 баробари миқдорида молиявий санкциялар қўлланади.

Вазирлик тузилмасида Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилмоқда. Унга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ходимлари ҳамда ўрмон ва ўрмон ов хўжалиги давлат инспекторларининг штат бирликлари берилади. Инспекция раҳбари мақоми бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Республика ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларга инспекцияга юкланган вазифа ва функцияларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди. Шунингдек, инспекцияларга тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ҳудудларда мансабдор шахслар ва давлат органларининг (шу жумладан, бизнес-омбудсман) розилигисиз экологик мониторинг доирасидаги фаолиятни амалга оширишга рухсат этилади.

Аввалроқ корхоналарни текшириш тадбиркорлик фаолиятини текширишга тенглаштирилганди. Бунда мансабдор шахслар ва давлат идоралари билан келишиш керак эди. Ушбу чора 2018 йилда бизнесга кўпроқ эркинлик бериш учун киритилган. Бироқ натижада экология тизими ходимлари кўпинча табиатни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш мақсадида корхоналар ҳудудига кира олмай қолган. Бу эса тадбиркорларга қонунни жазосиз бузиш имконини яратиб берган.

Бундан ташқари, 1 июлдан «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий этилади. Бефарқ бўлмаган фуқаролар назоратчи бўла олиши мумкин, деди Азиз Абдуҳакимов. Улар форма ва нишонлар билан таъминланади. Агар экологик қоидабузарликлар аниқланса, уларни расмийлаштириб, махсус платформага киритишлари мумкин бўлади. Назоратчилар, шунингдек, ўз фаолияти учун бепул таълим ва малака ошира олади.

Жамоатчилик назоратчилари Пенсия жамғармасига БҲМнинг 50 баробари миқдорида ижтимоий солиқ тўлашда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган пенсияни ҳисоблаш учун зарур бўлган иш стажини ҳисоблаш тартибига риоя қилади.

Президент фармонида, шунингдек, бош прокурорнинг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган ўринбосари лавозими киритилди. Бош прокуратура тузилмасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш департаменти ташкил этилмоқда. Унга Экология вазирлиги тизимидаги ходимлар сонини оптималлаштириш ҳисобига ажратилган 33 та штат бирлиги жалб этилади.