Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Сенатнинг 41-ялпи мажлисида аҳоли қўлида 12 млрд доллар пул бор эканини айтиб, банк сектори бу маблағнинг барчасини жалб қила олмаслигини, лекин аҳоли пулларини банкка топшириш тенденцияси мавжудлигини қайд этди.

Регулятор раҳбари аҳоли омонатлари таркибида хорижий валютадаги омонатларни бир йилдан юқори муддатга қўйиш 9 фоизга камайганига изоҳ бериб, қуйидаги маълумотларни келтириб ўтди.

«Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, аҳолининг қўлида қарийб 12 млрд доллар маблағ бор. Биз ҳали бунинг ҳаммасини жалб қила олмаймиз ҳам. Лекин шу билан бирга ўзгариш, тенденция, банкка пул маблағларини топшириш, долларларни сўмга айлантириб, муддатли омонатга қўйиш жараёни бошланган. Бу — биз учун қувончли ҳол. Бу банкларнинг ресурс базасига миллий валютада кредит беришга имкон беради», — деди Марказий банк раиси.

Шунингдек, Мамаризо Нурмуратов аҳоли омонатлари таркибида хорижий валютадаги омонатларни бир йилдан юқори муддатга қўйиш камайгани банкларга бўлган ишонч даражаси билан эмас, норезидентларнинг мамлакат банкларида ҳисобрақам очиши кўпайгани билан боғлиқлигини таъкидлади.

«Буни банкларга ишончнинг пасайиши ёки аҳоли долларларни уйида сақлаётгани билан боғласак, менимча, тўғри бўлмайди», — дейди Мамаризо Нурмуратов.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил давомида жисмоний шахслар банклардан 8,9 млрд долларлик валюта сотиб олган, бу ўтган йилга нисбатан 4,3 млрд доллар ёки деярли икки баробарга кўп. Шу билан бирга, банклар томонидан аҳолидан 11,9 млрд долларлик валюта харид қилинган, бу 2021 йилга нисбатан 4,8 млрд доллар ёки 1,7 баробар кўпдир.

Бундан ташқари, 2022 йилда Ўзбекистонга рекорд даражада — 16,9 млрд доллар пул ўтказмалари келиб тушган бўлиб, бу 2021 йилга нисбатан 2,1 баробар кўп. Бу маблағларнинг катта қисми Россиядан жўнатилган. Ўзбекистондан бошқа давлатларга эса 2,1 млрд долларлик хорижий валюта жўнатилган.