Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Сенатнинг 41-ялпи мажлисида Ўзбекистонда 2022 йилда ҳисобрақам очган норезидентлар сони геосиёсий вазият туфайли 60 мингтадан ошганини маълум қилди. Улар мамлакат банкларидаги ҳисобларига 892 миллион доллар эквивалентидаги маблағ қўйган.

Регулятор раҳбари бу маълумотларни ҳисобот якунида берилган саволга жавобан қайд этиб ўтди. Мамаризо Нурмуратовга аҳоли омонатлари таркибида хорижий валютадаги омонатларни бир йилдан юқори муддатга қўйиш 9 фоизга камайгани, талаб қилиб олингунча омонатлар улуши эса аксинча 9 фоизга кўпайгани юзасидан савол берилди.

Марказий банк раҳбари бу ҳолат аҳолининг банкларга бўлган ишонч даражаси билан эмас, норезидентларнинг мамлакат банкларида ҳисобрақам очиши кўпайгани билан боғлиқлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг умумий депозитлари 1,7 бараварга ошганда, валютадаги муддатли депозитларда камайиш содир бўлган.

«Буни иккита ҳолат билан изоҳлаймиз. Биринчидан аҳолида валюта курсининг кичик даражада тебраниши сақланиб қолиши ва омонатлар фоизларининг жозибадор, 21−22 фоиз даражада шаклланиши валютадаги омонатларини олиб, сўмда омонат очишга қизиқиш уйғотяпти. Биз буни амалиётда кўп кузатяпмиз. Банклардан депозитларнинг ўсиш манбаларини сўраганимизда улар бизга ахборот беришяптики, валютадаги депозитларни сўмга ўтказиш кучайган. Шу нуқтаи назардан биз буни яхши ҳолат деб баҳолаймиз. Буни банкларга ишончни пасайиши ёки аҳоли долларларни уйида сақлаётгани билан боғласак, менимча, тўғри бўлмайди», — деган Мамаризо Нурмуратов.

Иккинчи омил эса геосиёсий вазият билан боғлиқ экани айтилди. Валютадаги маблағ талаб қилиб олингунча омонатлар сони норезидентларнинг кўпайиши ҳисобига ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг март ойида Ўзбекистонда хорижий валютадаги омонатларга қизиқиш кескин ошгани хабар қилинганди. Йилнинг дастлабки чорагида аҳоли томонидан хорижий валютадаги омонатларга 2,2 триллион сўм эквивалентидаги маблағ йўналтирилган. Шундан қарийб 1,5 триллион сўм маблағ март ойида келиб тушганди.

Ўшанда Марказий банк жамғармаларнинг валюта таркиби ўзгаришини девальвация кутилмаларининг ортиши билан изоҳлаган. 2022 йил март ойида сўмнинг қадрсизланиши фонида омонатлар бўйича пул маблағларини чет эл валютасига ўтказиш фаоллашган. Нақд валютани харид қилиш ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган.

«Бироқ Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар (асосий курсни ошириш ва интервенсиялар ҳажмини ошириш) муносабати билан март ойининг сўнгги 10 кунида [девальвация] кутилмалар пасайди, маблағларни миллий валютага конвертация қилиш жараёни ва банкларга чет эл валютасини сотиш фаоллашди», — дея қайд этганди регулятор.