Ўзбекистонда 2025 йил охирига қадар ҳаво ифлосланишини прогнозлаш ва ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши ҳақида аҳолини эрта огоҳлантириш тизими тажриба тариқасида жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Мазкур фармон билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига айлантирилди.

Фармонда «Атроф-муҳитнинг давлат мониторинги тизимини тубдан такомиллаштириш» мақсадида 1 декабрга қадар республика бўйича туманлар ва саноат корхоналари атрофларида атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатиш топширилди.

2024 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида ўрнатиладиган автоматлашган кичик станциялар маълумотлари атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш орқали визуаллаштирилиб, расмий веб-сайтларда реал вақт режимида мунтазам янгилаб борилади.

I тоифали саноат корхоналари 2024 йил охиригача (II тоифа — 2025 йил охиригача) устувор турғун (ташкиллаштирилган) ифлослантирувчи манбалардан чиқадиган ташланмаларни таҳлил қилиш учун автоматлаштирилган мониторинг станцияларини ўрнатиши керак.

Шу муддатда улар янгиларини ўрнатиши ва мавжуд бўлган юқори самарали чанг ва газ тозалаш мосламаларини ва локал сув тозалаш иншоотларини модернизация қилишлари керак. Бундан ташқари, ушбу корхоналарнинг санитария муҳофазаси зоналари автомат стационар кузатув постлари билан жиҳозланиши керак.

2024 йил 1 январдан бошлаб бундай ускуналарни ўрнатиш назарда тутилмаган I ва II тоифадаги корхоналарни қуриш лойиҳалари экспертизадан ўтказилмайди ва ушбу ускунасиз қурилган объектлар ишга тушириш учун рухсатнома ололмайди.

Корхоналар учун чанг ва газ тозалаш мосламалари, локал сув тозалаш иншоотлари ва автоматик мониторинг тизимларини ўрнатиш учун халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали 100 миллион долларимиқдорида кредит линияси очилмоқда.

«Бу қиммат ускуналар, аммо корхоналар бунга масъулият билан ёндашади, — деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов. — Шу боис корхоналар „имтиёзли“ кредитлар олади. Бунинг учун Ўзбекистон тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар ажратилмоқда. Биз халқаро молия институтлари билан ҳам ҳамкорликни бошладик».

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, уч йил аввал ҳам шундай талаблар қўйилган, бироқ улар бажарилмаган. «Ва кейин савол туғилади, нима учун?»

1 июлдан бошлаб асбоб-ускуналар ўрнатган (ёки шартнома бўйича тўловларнинг 15 фоизини тўлаган) корхоналар атроф-муҳитни ифлослантиргани ва чиқиндиларни жойлаштиргани учун компенсация пулини 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин. Ускунани ўрнатмаган корхоналар учун эса компенсация тўловлари 5 баробарга ошади.

«Фильтрларни ўрнатиш компенсациядан арзон бўлиши учун шундай қиламиз, — дейди Азиз Абдуҳакимов. — Албатта, ҳар сафар ҳисоблаш керак, лекин бу нормани ҳам ўтказиш жуда қийин бўлди. Энди биз уни 5 баробарга оширамиз, аммо келажакда компенсация тўловлари миқдори зарар миқдорига мос келиши керак деб ўйлаймиз. Аммо бу ерда муаммо шундаки, мониторинг тизимини ўрнатмасдан, биз зарарни ҳисоблай олмаймиз. Бирламчи маълумотларсиз экологик вазиятни яхшилаш учун зарур чоралар ва тўғри қарорларни қабул қила олмаймиз».

Тадбиркорлик фаолиятинини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан кичик бизнес субъектларига чанг ва газ тозалаш мосламалари, сув тозалаш иншоотлари ва атроф-муҳит ифлосланишини назорат қилувчи автоматлаштирилган станциялар ўрнатишда имтиёзлар берилади.

Хусусан, корхоналарга асбоб-ускуналар сотиб олиш ва ўрнатиш учун кредитлар бўйича компенсациялар тақдим этилади. Кредитлар тижорат банклари томонидан 2026 йил 1 январгача миллий валютада берилиши керак.

Компенсация фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошиб кетган, лекин асосий ставканинг 30 фоизидан ошмайдиган қисмини қоплаш учун 2+1 тамойили бўйича уч йилгача муддатга берилади (IV ва V тоифадаги туман ва шаҳарларда — 40% дан ортиқ бўлмаган). Шу билан бирга, кредитнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан 1,5 баробар, кредит суммаси эса 5 миллиард сўмдан ошмаслиги керак.

Бундан ташқари, кичик бизнес субъектларига 2026 йил 1 январга қадар тижорат банкларидан олинган кредитлар суммасининг 50 фоизигача кафиллик берилади. IV ва V тоифадаги туман ва шаҳарларда жойлашган корхоналар учун кафолат миқдори 75 фоизгача бўлади. Кредит суммаси 2,5 миллиард сўмдан ошмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг шу фармони билан корхоналарнинг экологик мониторингини бизнес-омбудсман билан мувофиқлаштириш бекор қилинган эди.