Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси 16−20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Унга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон томонидан ташкилий қўмита ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Испаниянинг Мадрид шаҳрига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Азиз Абдуҳакимов UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили ва бўлажак Бош ассамблеянинг асосий ҳамда ёрдамчи тадбирларини ўтказиш учун масъул ишчи гуруҳлар аъзолари билан учрашди. Учрашувда тадбирларнинг дастлабки дастури, ташкилий масалалар, ялпи ва сессия мажлислари учун таклиф этилаётган кун тартиби ва регламенти муҳокама қилинди.

unwto, Жаҳон туризм ташкилоти, самарқанд

Жумладан, тадбир доирасида Инвестиция форуми, Таълим бўйича вазирлар панели сессияси, «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» туризм форуми, экотуризм фестивали, энг яхши «сайёҳлик қишлоқлари»ни тақдирлаш маросими ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилгани қайд этилди.

Шунингдек, UNWTO бош котибининг 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Республика ҳукумати томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалга оширилиши, жумладан, Самарқанд шаҳрида UNWTO Халқаро туризм академиясининг очилиши, UNWTO`нинг Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» ҳудудий тематик офиси, «Ипак йўли» халқаро туризм мукофотини таъсис этиш ва бир қатор бошқа масалалар борасида ҳам фикр юритилди.

«Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Бош ассамблеядан жаҳон ҳамжамиятини максимал даражада хабардор қилиш мақсадида июнь ва октябрь ойларида жаҳон ОАВ вакиллари учун бир қатор пресс-турлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Пололикашвили UNWTO Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Бош ассамблея мамлакат ва жаҳон туризм саноатида тарихий воқеа бўлиши учун «барча ишни қилишини» таъкидлади.

Учрашув якунлари бўйича UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги битим Азиз Абдуҳакимов ва Зураб Пололикашвили томонидан имзоланди.

UNWTO Бош ассамблеяси 2 йилда бир марта ўтказилади. Уни Ўзбекистонда ўтказиш ҳақида Мадридда бўлиб ўтган 24-сессия давомида маълум қилинган. Ўша пайтда бунга Португалия ҳам даъвогарлик қилган. Бўлажак сессия муносабати билан кўҳна шаҳар Самарқанд 2023 йилда жаҳон туризм пойтахти бўлади.