БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистонга ташриф буюрди, дея хабар бермоқда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

Юқори мартабали меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов кутиб олди.

Ташриф давомида UNWTO бош котиби Самарқандда бўлиб ўтаётган II Ўзбекистон иқтисодий форумида иштирок этади. Шунингдек, у Самарқанд туристик марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуаси ҳамда 2023 йили Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг (UNWTO) 25-сессияси ўтказиладиган «Конгресс хол»га ташриф буюриш, инфратузилма, шарт-шароитларни кўздан кечириши режалаштирилган, дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Бундан ташқари, «Конигил» туризм қишлоғи ҳамда Самарқанддаги Туризм ва маданий мерос халқаро университетига ҳам боради. Мартабали меҳмон университет талабалари учун маъруза қилиши кутилмоқда.

Ташриф 7 ноябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йили Самарқандда UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилади. UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилувчи энг муҳим туристик форум ҳисобланади. Ҳозирга қадар БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилмаган.