Бирлашган миллатлар ташкилотининг Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеяси 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Шу муносабат билан кўҳна шаҳар 2023 йили жаҳон туризм пойтахти бўлади.

Бу Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтаётган UNWTOнинг 24 сессиясида маълум қилинди, деб «Газета.uz»га Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Овоз бериш якунларига кўра, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлаган.

«Шуниси диққатга сазоворки, тарихда биринчи марта БМТ таркибига кирувчи ташкилотнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда бу орқали мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир. Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25 Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади», — деди Азиз Абдуҳакимов.

2023 йилда UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилганди. Овоз бериш жараёни якунига кўра, Ўзбекистон яққол устунлик қилган ва Бош ассамблеяни ўтказиш жойи этиб Самарқанд шаҳри танланган.

Ушбу нуфузли тадбирни ўтказиш мақсадида Самарқанддаги эшкак эшиш канали қирғоғидаги 212 гектар майдонда Samarkand Touristic Centre бунёд этилмоқда. У ерда New Renaissance конгресс-холли, меҳмонхоналар, ресторанлар, дам олиш масканлари, савдо марказлари, амфитеатр, «Мангу шаҳар» каби иншоотлар ҳам қурилади. Ушбу объектларни 2022 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилади. Қайд этилишича, ҳозирга қадар БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеяси Ўзбекистонда ўтказилмаган.