Чоршанба куни тушдан кейин ҳаво ҳарорати юқори бўлиши муносабати билан Тошкент метрополитенининг ер устидаги участкаларида — ҳалқа (Қўйлиқ) ва Чилонзор йўналишининг Сергели шохобчасида поездлар тезлиги 25 км/соатгача пасайтирилди.

Метрополитен матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабаб «Ер усти ҳалқа йўли» ва «Сергели» йўлининг темирйўллари ва уларнинг пўлат қисмларининг ҳарорати +65 даражага етган. Бундай шароитда, темир йўллардан фойдаланиш қоидаларига кўра, поездлар ва йўловчилар хафсизлигини таъминлаш мақсадида тезлик пасайтирилиши керак.

Поездлар ҳаракат жадвалини меъёрда сақлаш мақсадида «Чилонзор» йўналишининг ер ости йўли қисмида («Олмазор"-"Буюк ипак йўли») поездлар тезлиги 40 км/соатга туширилди.

Метрополитеннинг бошқа бир хабарида қайд этилишича, қоидаларга кўра, рельслар ҳарорати +60 даража бўлганда, поездлар ҳаракати тезлиги 40 км/соатдан, +65 даражада — 25 км/соатдан ошмаслиги, +70 даражада эса поездлар ҳаракати тақиқланиши белгиланган.