Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан мамлакат халқига мурожаат йўллади.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланганини қайд этди. «Бу жараёнда барча фуқароларимиз каби ногиронлиги бўлган юртдошларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда», — деди у.

Бугунги кунда мамлакатда 1 млн нафарга яқин ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қилмоқда. «Тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолган биронта ҳам юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳру эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнати ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига мурожаат қилар экан,ватандошларни бу йўналишда бошлаган хайрли ишларни фаол давом эттиришга чақирди.

«Шу мақсадда, биз барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун бир хил имкониятлар амал қиладиган инклюзив жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширамиз. Шу асосда ногиронликни белгилашнинг аллақачон эскирган тиббий моделидан умумэътироф этилган ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтишни ўз олдимизга муҳим вазифа қилиб қўйганмиз», — деди у.

«Бундан буён бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратилади», — дея ишонч билдирди президент.

У ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларидаги қамров ҳажмини 2 баробар ошириш, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 10 га яқин шундай марказларни кенгайтириб, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилишини маълум қилди.

«Ишонтириб айтаманки, сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этишингиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишингиз, маданий эҳтиёжларингизни таъминлашингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз», — деди давлат раҳбари.