Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Корея томонидан 31 май куни ташувчи космик ракета учирилганидан хавотир билдирди. ТИВ матбуот хизмати ушбу ҳолат «Корея яриморолидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келади», дея қайд этди.

«БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортиш тарафдоримиз», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон томони бундан кейин ҳам умумий фаровонлик ва тараққиёт йўлида Корея яриморолида хавфсизликни таъминлаш бўйича фаол қадамларни қатъий қўллаб-қувватлайди», — дейилади ТИВ хабарида.

БМТ баёнотида айтилишича, бу Шимолий Кореянинг биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга уринишдир.

Воқеадан кўп ўтмай, ракета денгизга қулаб тушган. Мамлакат расмийлари унинг қулаганини тан олган. Жанубий Корея армияси эса ракета қолдиқларини топган. Шимолик Корея биринчи учиришда айнан нима нотўғрилиги аниқланганидан сўнг яна бир учиришни амалга оширишни режалаштирмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш КХДР ҳаракатларини қоралаб, барқарор тинчликка эришиш, шунингдек, Корея яриморолининг тўлиқ ва текширилиши мумкин бўлган ядросизланиши учун мулоқотни имкон қадар тезроқ қайта тиклашга чақирди.

Унинг қайд этишича, баллистик ракета технологиясидан фойдаланган ҳолда ҳар қандай учириш БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюцияларига зид ҳисобланади.