30 май куни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Вазир сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда туғуруқ комплекслари фаолияти бўйича кўплаб салбий фикрлар тарқалаётганига урғу бериб, интернет тармоғи фаолларининг тизимдаги оғир нуқталарни кўрсатиб бераётгани учун миннатдорлик билдирди.

«Давлатимиз томонидан дори-дармон ва сарфлов материаллари учун етарли миқдорда маблағ ажратилаётган бир пайтда нега ҳомиладорларга ёки унинг қариндошлари қўлига дори-дармон рўйхати ёзиб берилмоқда, деб ўзимизга савол беришимиз керак. Туғуруқ комплекси раҳбарининг ўзи коррупциянинг тепасида бўлса, ҳаммани бир кўзда кўрмаса, таниш-билишчилик қилса, унда нима бўлади, муассасада носоғлом муҳит шаклланиб, жамоа парокандаликка учрайди. Аксарият муассасалар фаолияти юзасидан келиб чиққан шикоятларнинг негизида шу омилларни кўряпмиз», — деди у.

Шунингдек, Амрилло Иноятов туғуруқларнинг аксарияти кесарча кесиш орқали амалга оширилаётгани, бу операцияларни айрим муассасаларда фақат бир мутахассис ўтказиб, бошқа ёш ва маҳоратли шифокорларга имконият берилмаслигини ҳам танқид қилди. Бунга эса муассаса раҳбарининг аралашуви сабаб, деб ҳисоблайди у.

«Видеомулоқотда кўтарилган яна бир муҳим йўналиш — тиббиётнинг барча соҳалари ходимлари учун зарур бўлган этика-деонтология масалалари бўлди. Бемор мурожаат қилиб келганда „сени нотўғри даволабди, хато операция қилибди, энди мен тўғрилайман“ деган носоғлом қараш билан курашиш зарурати ҳақида тўхталиб ўтилди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, муассасанинг регистратура ва қабул бўлимлари ходимлари учун коммуникатив стандартлар, бемор ҳолатининг ёмонлашуви ёки яқинларининг норозилигига сабаб бўлувчи ҳаракатлардан тийилишда амал қилиш лозим бўлган меъёрлар ҳақида маълумот берилган.

Йиғилиш якунида фаолияти бўйича кўп эътироз келиб тушаётган муассасалар раҳбарлари кескин танқид қилиниб, камчиликка йўл қўйган масъуллар қатъий огоҳлантирилган.