Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов 16 февраль куни учта туман ҳокимига ҳайфсан интизомий жазосини қўллашга оид фармойишни имзолади.

Ҳужжат билан Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Иргашев Шавкатбек Турдиевич, Учтепа тумани ҳокими Абдуллаев Фарход Равшанович ва Юнусобод тумани ҳокими Абдувалиев Бохадир Абдулхаевичларга жазо қўлланилган.

Бунга «президент Администрациясининг 30 январдаги хатига асосан ҳудудда қишга тайёргарлик ҳамда уни беталафот ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмаганлиги, маҳаллаларга чиқиб, аҳоли билан мулоқотлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги» сабаб қилиб кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, 16 январдаги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев «қуруқ гап ва ёлғон ҳисоботи учун» пойтахтнинг ўшандаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни лавозимидан озод қилинганди. Ўша куниёқ президент матбуот котиби юқоридаги уч туман ҳокимларига ҳайфсан берилгани, уларнинг лавозими в.б.гача туширилганини маълум қилганди. Орадан кўп ўтмай, хабар таҳрирланиб, матндаги туман ҳокимларининг лавозимини туширишга оид ҳамда ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини текшириш бўйича вазифа юклатилган қисми олиб ташланди.

Маълумот ўрнида, пойтахтнинг янги ҳокими в.б. Бахтиёр Раҳмонов ўз ишини кадрлар алмашинувидан бошлади. Биринчи галда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси Музаффар Абдураҳмонов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди.

Бундан ташқари, у бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилишига буюртмачи вазифасини бажарувчи «Ягона буюртмачи хизмати» раҳбарини ҳам алмаштирди. Раҳматуллахўжа Кучкаровнинг ўрнини (олдин ҳам хизматга раҳбарлик қилган) Собиржон Орипов эгаллади.

Бахтиёр Раҳмоновнинг кейинги ҳаракати Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Умаровни ишдан бўшатишга қаратилди. Унинг ўринбосари сифатида ишлаб келган Рустам Юсупов эса бошқармага раҳбар бўлди.