Тошкентда Lacetti Cobalt`га урилиши оқибатида вояга етмаган шахс вафот этди, дея хабар бермоқда пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 18 декабрь куни тахминан соат 17:30 ларда Чилонзор тумани Чўпонота кўчасида 1983 йилда туғилган У.Т. бошқарувидаги Lacetti йўл четидан орқага ҳаракатланаётган 1960 йилда туғилган M.A. бошқарувидаги Cobalt билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида Lacetti ҳайдовчиси У.Т., Cobalt ҳайдовчиси М.А. ва йўловчиси 2011 йилда туғилган M.M. олган жароҳатлари сабаб тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан 2011 йилда туғилган М.М. вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.