27 октябрь куни Остонада ўтказилаётган биринчи «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқини «яшил» тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби маълум қилмоқда.

Бунда президент алоҳида эътиборни эко-инновациялар, энергия самарадор ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, Smart-AKIS Европа тармоғи ёрдамида «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратишни сўради.

Саммит давомида Erasmus+ ва «Европа горизонти» дастурлари доирасида таълим бўйича Европанинг илғор методикаларини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш, қўшма фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказиш таклиф қилинди.

Ноябрь ойининг 2-ярмида Парижнинг Лувр музейида ўзбек халқларининг маданиятига бағишланган йирик кўргазма ташкил этиш режалаштирилган. Бундай тадбирларни ҳар йили Европа давлатларининг пойтахтларида ва маданият марказларида ҳамкорликда ўтказиб бориш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон давлати етакчиси минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги амалий ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Афғонистонга кўмаклашиш масаласида бутун халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракати ва ҳақиқий кўмаги зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси қабул қилинган вақтдан буён уч йил ўтди. Афсуски, пандемия сабабли кўпгина тадбирлар ва масалалар тўлиқ амалга оширилмай қолгани таъкидланди.

Шу муносабат билан президент стратегиянинг бажарилишини жадаллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида кўп томонлама дастурий ҳужжат — «Йўл харитаси»ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

У ўз сўзининг якунида мамлакатларнинг барқарор тараққиёти, равнақ ва фаровонлиги йўлида «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори эканини таъкидлади.