Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси Хоразмда кичик ёшдаги қизларга тегажоғлик қилган ўқитувчига 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилгани ҳақида ёзганди. Вилоят суди матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани судининг 25 майдаги қарорига кўра, ўқитувчи Б.Р.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41¹-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузар Б.Р. вояга етмаган 3-синф ўқувчилари С.К. ва М.Э.га нисбатан дарс пайтида шаҳвоний шилқимлик қилганликда айбдор деб топилган.

41¹-модданинг 1-қисмида мазкур ҳуқуқбузарлик санкциясида БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган. Ҳуқуқбузар Б.Р.га мазкур модда санкциясида назарда тутилган максимал жазо, яъни 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ўз навбатида, Nemolchi.uz лойиҳаси ўқитувчи 61 ёшда экани, рус тили фанидан дарс бериши, машғулотлар вақтида қизлар танасининг турли жойларига қўли билан тегингани, судланувчи эса айбини тан олмай, шунчаки қизлар яхши ўқигани учун елкаларини қоққанини айтгани ҳақида ёзди.

«Лекин тўпланган маълумотлар қизларнинг гапини тасдиқлади. Яъни тергов ва суд педагог кичик ёшдаги қизларнинг интим аъзоларини ушлаганини билди ва буни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмадими? Бундай жиноятлар Жиноят кодекси 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми „б“, „в“ ва „ж“ бандлари билан квалификация қилиниши лозим», — дейилади хабарда.

Бунинг учун жазо 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланишни тақиқлаган ҳолда 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

«Жинсий тегажоғлик ҳақидаги модда 16 ёшдан юқори бўлган шахсларни ҳимоя қилиш учун киритилган эди, негаки бунгача қонун фақат ёш болаларни ҳимоя қиларди. Болаларга нисбатан эса 129-модда қўлланиши шарт. Хотин-қизлар ва болаларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун зўравонларга жазони енгиллаштириш учун қўллангани хафа қилади. Биз бунинг учун курашганимиз йўқ», — дея қайд этилган хабарда лойиҳа ишни қайта квалификациялашни талаб қилиб, педагог ўз қилмиши учун тўлиқ жазоланишини сўраган.