Туркияда 28 май куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи босқичида ҳисобланган 97,73 фоиз овозлар бўйича Режеп Таййип Эрдоған 52,15 фоизлик натижа билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби Кемал Қиличдарўғли 47,85 овоз тўплади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни телефон орқали мулоқотда Туркия президенти Эрдоғанни бугун бўлиб ўтган президентлик сайловида эришган ишончли, тарихий ғалабаси билан самимий қутлади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Сайловнинг иккинчи турида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари қардош Туркия халқи амалдаги давлат раҳбарининг сиёсати ва ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаётганининг ишончли ифодаси экани қайд этилди», — дейилади хабарда.

Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлаш мақсадида барча даражаларда фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.