27 май куни кечқурун Эрон ва Афғонистон чегарасида юз берган тўқнашув оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Al Jazeera. Эрон ўзининг икки чегарачиси ҳалок бўлганини ва икки тинч фуқаронинг яраланганини билдирган, «Толибон» ҳаракати эса ҳар икки томондан бир киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги вакили Абдул Нафи Такорнинг айтишича, эронлик чегарачилар Афғонистоннинг Нимроз вилояти ҳудудига қарата ўқ узган, шундан сўнг улар жавоб қайтарган. «Вазият назорат остида. Ислом амирлиги [Афғонистон] қўшнилари билан жанг қилишни истамайди», — дейилади баёнотда.

Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA`нинг ёзишича, «Толибон» Сасоли чегара постига ўт очган. Бу пост қўмондони ўтган ҳафта «Толибон» томонидан ўлдирилган, деб хабар беради IRNA.

Аввалроқ Эрон президенти Иброҳим Раисий «Толибон»ни 1973 йилда имзоланган сув тақсимоти келишувини бузганликда айблаганди. «Толибон» Ҳилманд дарёсидан Эроннинг қурғоқчил шарқий ҳудудларига сув оқимини чеклади, дейди Эрон расмийлари. «Толибон» бўлса, бу айбловни рад этган.

Икки давлат ҳудудидан узунлиги 1000 километрдан ортиқ бўлган Ҳилманд дарёси оқиб ўтади. Афғонистон томонида дарё электр энергияси ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун тўсилган.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Эронда қурғоқчилик даражаси янада ёмонлашган. Бугунги кунда мамлакат ҳудудининг 97 фоизи маълум даражада қурғоқчиликка дучор бўлмоқда.