26 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг ўлимига сабабчи бўлган 30 ёшли эркакка суд ҳукми ўқилди. Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, судланувчи умрбод озодликдан маҳрум қилинди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг

  • 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми;
  • 137-моддаси (Одам ўғрилаш) 3-қисми «б» банди;
  • 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми;
  • 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми;
  • 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «в» банди;
  • 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж», «з», «о» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (Рецидив жиноят) 3-қисми «б» бандига асосан у ўта хавфли рецидивист деб топилиб, унга тайинланган жазо махсус тартибли колонияда ўталиши белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 96-моддаси (Жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш) га мувофиқ судланувчига жазони ўташ жойларида алкоголизм ҳамда мураккаб политоксикоманияга қарши даволаш чоралари қўлланилиш белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида судланувчи ва жабрланувчининг қонуний вакили ҳукм нусхасини олган кунидан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин, дейилади хабарда.