Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 31 январь куни 12 ёшли қиз бедарак йўқолиб қолган. 1 февралга ўтар кечаси соат тахминан 2:30 ларда унинг мурдаси ўз уйи яқинидан топилган. Ҳолат юзасидан 29 ёшли эркак ушланган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «з» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан ўлдириш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, «гумонланувчи шахс 2022 йилнинг ёзида марҳуманинг хонадонида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган».

«Hudud24.uz» сайти марҳуманинг онаси ва бувиси билан уюштирилган видеосуҳбатни эълон қилди.

«Қизим: „Мен танилишим керак дерди“, дерди. Тириги эмас, ўлиги танилди!»

Муслима оиланинг тўнғичи эди (унинг 6 ёшлик ва 6 ойлик икки синглиси ҳам бор эди), у бувиси (онасининг онаси) билан бирга яшар, «бувисининг сояси» эди, «бувисини онасидан ҳам кўпроқ яхши кўрарди». «Ақллигина қизим эди… Бўйлари узун, чиройликкина, қорачадан келганди», — деб эслайди уч қизни узатган, бу неварасини ҳам ўзи катта қилиб, ўз узатмоқчи бўлган Ҳуснора буви.

Бувининг сўзларига кўра, Муслима «бировга бўй берадиган қиз эмасди». «Озғин бўлса ҳам, кучли қиз эди. Агар биров уни ноҳақ айбласа, ноҳақ урса, қайтимини берадиган қиз эди. Урса урадиган қиз эди-да. Бировдан калтак еб, бурни оқиб келадиган қиз эмасди», — дейди буви.

Қизнинг онаси Умида ҳам буни тасдиқлайди — «унча-мунчага калтак ейдиган қиз эмасди». «Устозларидан сўрасангиз ҳам айтишади — тиришқоқ, кучи етмаса ҳам ҳаракат қиладиган эди… Шунақа тарбиялаган эдик», — дейди она. «Чиройли эди, одобли эди, қарасангиз кўз тегадиган қиз эди», — дея қўшимча қилади у, кўзида ёш билан.

Мушукларни яхши кўрадиган Муслиманинг орзуси стюардесса бўлиш эди. «Инглизчани ҳам тўлиқ таржима қилиб кетаверарди». «Болам „Мен катта одам бўлишим керак“, дерди. „Мен танилишим керак, бутун дунёга танилишим керак“, дерди болам… Ўлиги танилди боламнинг, ўлиги! Тириги эмас, ўлиги!», — дод солганча йиғлайди она.

Бедарак йўқолган қиз ва қоғозбозлик

Ҳуснора опанинг сўзларига кўра, қотиллик юз берган маҳалланинг кўчалари ёритилмайди, ёлғизоёқ кўчалар ҳам кам эмас, кечаси маҳалла йўлларидан ўтаётган одамларни «билмайсан, танимайсан», камералар йўқ.

Ҳуснора опа, Муслиманинг бувиси. Кадр: Hudud24.uzҲуснора опа, Муслиманинг бувиси. Кадр: Hudud24.uz

Фожиа юз берган куни қиз ўз ота-онасининг уйидан мактабга чиқиб кетган. Умида онанинг сўзларига кўра, «ҳамма нарса одатдагидек эди». Муслима шу куни мактабга шошаверган. Онаси: «Ҳали совуқ-ку, бугун мактабга бормай қўяқол» деса, у: «Йўқ, устозим ҳар куни назорат қиляптилар, ўқишим керак, катта одам бўлишим керак», деб кетган.

Ҳуснора бувининг таъкидлашича, Муслима мактабдан «16:30—17:00 ларда» қайтарди. Ўша куни Муслиманинг дарслари 15:30 да тугаган, «айланиб, арғимчоқ учиб келган»ида ҳам тахминан 16:15 ларга уйга етиб келиши керак эди. Муслиманинг онаси шундай дейди: «Ярим соат кеч қолди… Кейин келиним телефон қилди, «Муслимани маҳалла бошида кўришибди, уйга етиб келмадими? Уйга кирмади-да, ундай одати йўқ эди-ку», деди».

Онасининг қайд этишича, доимий назорат остида бўлган Муслиманинг ҳақиқатан ҳам ёмон одатлари, хусусан, мактабдан уйга бесабаб кечикиб келиш, кўчада қолиб кетиш каби одатлари йўқ эди. Қиз келавермагач, «102»га қўнғироқ қилинган. «18:00 гача кутдик, кейин 18:30 гача ҳаммадан сўраб чиқдим… Қидирмаган жойим қолмади… Бир қадамгина жойларда болам ётган экан, мен бўлса қаёқларни қидириб келдим», — дейди бувиси.

Умида унинг боласи йўқолган вақтда маҳалла профилактика инспекторининг қоғозбозликка берилганидан қатъий норозилик билдиради. «„Сизлар қанақа оиласизлар?“, деб сўраб ўтирибди… У маҳалла участкавойи, бизни билади, танийди, лекин чўзиб ўтирибди. Ўша пайт қоғозбозлик қилиш ўрнига қидирса, боламни балки асраб қолардик. Қандайдир ярим соат ҳал қиляпти», — дея йиғлайди она.

«Қоғозбозлик бўлди, у бўлди, бу бўлди — шу билан 2−3 соат ўтиб кетди. Унгача қидирмаган жойимиз қолмади, «Сергели-ярмарка»дан буёғини қарадик, бургер, лавашхоналарни қараб чиқдик. Ундай одати йўқ, йўқ одатларини ҳам текширяпман, ертўлалар, қурилиш жойларини текширдим. Биласизми, қачон таслим бўлдим? Кечаси 22:00 дан кейин. 22:00 дан кейин боламнинг ҳеч бўлмаса ўлигини қаердан топаман, дедим. Ўлигини!», — дейди Умида кўзда ёш билан.

Ҳуснора опанинг айтишича, Муслимани кечгача қидиришган. «Тумонат одам келди, ишонасизми, тумонат! Кўчамиз, нариги кўчалар одамга тўлиб кетди. Шундай меҳрибон халқимиз бор экан, қўни-қўшниларимиз бор экан. Таниш-билиш, боламни таниган синфдошлари, мактабдошлари, ота-оналари, соат тонгги 4:00 да ҳам шу ерда эди ҳаммаси», — деди марҳуманинг бувиси.

Умида опа, Муслиманинг онаси. Кадр: Hudud24.uzУмида опа, Муслиманинг онаси. Кадр: Hudud24.uz

Бу вақтга келиб қиз бувиси яшайдиган уйнинг дарвозасидан олиб кетилганига кўпчилик ишониб бўлганди — уй жойлашган кўча бошида (кўприк олдида)ги хусусий болалар боғчасига ўрнатилган камерада Муслима дугонаси билан хайрлашаётгани кўринган, у ердан уйгача бўлган масофа эса жуда қисқа. «У бир дақиқа орасида уйда бўлган. Дарвоза олдидан судраб кетган қизимни. Қизим қўнғироқни босишга талпинган, уриб, оғзини ёпиб, судраб олиб кетган», — дейди она.

Муслимани ўлдиришда гумонланаётган йигит қидирув ишларида «ёрдамлашган»

Қотилликда гумонланаётган тахминан 30 ёшлардаги йигит — Ҳуснора бувининг қўшниси. «Камерадаги Азиз эди дейишса, йўқ, қўшним унақа иш қилмайдию, ён қўшнимиз, туҳмат иймондан айиради, туҳмат қилмаларинг, бир жойдан нон-туз еганмиз», деганини эслайди буви. «Яқинда ҳам [Муслиманинг ота-онаси уйи]да ремонт бўлганида қарашиб юрганди. Икки ой ремонт бўлди, ишлаб, қарашиб юрди», — дейди Ҳуснора опа.

«[Муслима] уни танигани учун тўхтаган-да… Қизнинг оғзини ёпиб олиб кетдими, бақиртириб олиб кетдими, ўша пайт ҳеч ким билмай қолган», — дейди буви. «Эшик тагидан олиб кетиб, нима қилса қилиб, ариқларга булғаб, боламни соғ жойини қолдирмаган», — деб яна йиғлайди Ҳуснора опа. Гумонланувчи «неча марта қамалиб, амнистиялар билан чиққан», уни «акаси қанча қанча қўллаб-қувватлаб, шу пайтгача боқиб, олиб юрган». «Акаси камерадан бир кўрганда: „Бу 95 фоиз менинг укам“, деб айтибди, „5 фоизга адашаётган бўлишим мумкин“, дебди».

Қидирувга киришиш вақтида эса, албатта, ҳеч ким қўшнидан гумон қилмаган. Шу боис Умида биринчилардан бўлиб уларга телефон қилган. «Муслима сизларнинг эшигингиз тагигача келган экан, кўрмадингларми?», деб биринчи бўлиб шуларга телефон қилибмиз. Дарвозангиз тагида қолиб, ўша ерда қизларингиз билан ўйнаб қолган бўлса, кўрмадингизм?", деб сўрабмиз", — дейди она.

«Мен уларга телефон қилаётганимда, у буёқда боламни бўғизлаётган экан! Боламни бўғизлаётган экан, келиб-келиб, мен ўшалара телефон қилибман, „боламни кўрмадингизми?“, деб!», — деб додлайди она.

Қидирув ишлари айни авжига чиққан вақтда қотилликда гумонланувчи Ҳуснора опанинг ўғли Рустамнинг олдига чиқиб, қизни бошқа жойлардан қидириш кераклиги ҳақида маслаҳат берган. «У бу ерга чиқиб, ўғлимга: „Рустам, буёқларни қидирма, буёқларда бўлмайди-ку, бу ерларда ҳамма жойни биламиз-ку, ҳув комплекс, завод тарафларни қидирган“, деб ўғлимга йўналиш ҳам бериб юборибди», — дейди Ҳуснора опа.

Умида ҳам ҳали гумонланувчи экани номаълум қўшни уларни чалғитганини айтади. «Ўша (қизнинг мурдаси ётган жой — таҳр.) томонга кетаётсак, „Бу ерда нима қилади, бу ерда бўлса, шунча одам бўлиб, аллақачон топардик-ку, юрларинг комплексга“, деди. Катта дала бор, ўша ерга бошлади. Камига ўзи ҳам бирга қидиришди», — деб эслайди она.

Шундан сўнг телефон бўлиб, қиз топилгани айтилган. «Адашмасам, 50 тача орган ходими келди. Ҳаммаси бирин-кетин ўтиб кетади, нималигини айтмайди, „Йўқ, [мурда] сизларники эмас, бошқа бўлиши мумкин, хавотир олманглар“, дейди. Охири бир ходим папкасини кўтариб келганида тамом бўлдим», — дейди Ҳуснора буви.

«Умрбод қамоқ жазосини сўрайман»

тошкент, янгиҳаёт тумани, қотиллик

Ҳуснора опанинг ҳали тили яхши чиқмаган Марям исмли бир яшар невараси бор. Муслима унга доим битта сўзни — «чигиртка» дейишни ўргатарди. «Ким учундир бу, балки, майда гапдир, аммо мен болам ҳаётининг сўнгги кунларидаги нарсаларни айтяпман. „Марям, чигиртка дегин“ дерди, тили чиқмаган неварам эса „чигитка, чигитка“ деб такрорларди, унинг шундай такрорлашига ишқибоз эди», — деб эслайди буви.

«Ишонасизми, бугун нима бўлди? Шу ҳавода, мана шундай вақтда кўчада чигиртка бўладими? Йўға?! Менимча, бўлмайди. Ишонмасангиз, олиб келиб кўрсатаман — уйга каттакон чигиртка кириб олибди. Уни кўриб, „Болам, уйга чигиртка ҳолида кириб келдингми?“, деб бир додладим. Ўлгунича шу сўз тилидан тушмаганди», — деркан, Ҳуснора опа ҳаммаси «туш бўлсаю, уйғонсам, болам ёнимда бўлиб қолса» деб яна йиғлайди.

Муслиманинг онаси Умида эса кўзда ёш билан президент ва халққа ёрдам сўраб мурожаат қилган. «Кимдан ёрдам сўрай? Президентимдан ёрдам сўрайман, бошқа кимдан сўрай?! Халқдан ёрдам сўрайман, мўмин-мусулмонлардан, Ҳажга борганлардан ёрдам сўрайман — болам ҳақига дуо қилишсин! Президентдан [айбдорга нисбатан] умрбод қамоқ жазосини, олий жазони сўрайман!», — деди Умида она.

Марҳуманинг онаси қотилликда гумонланаётган шахсни маҳалладан кўчириб юборишни ҳам талаб қилган. «Маҳалламдан кўчириб юборишсин! [Муслимадан] кейин гулдек яна икки қизим бор. Кейингиси [Муслима]нинг худди ўзи. Эртага, у мактабга чиқадиган пайтда [қотил] қамоқдан чиқиб келадими?», — дея савол қўйган она умрбод қамоқ жазоси ҳақидаги сўровини шундай изоҳлаган.

Видео онанинг шундай сўзлари билан тугаган: «Оналарга боласининг доғини кўрсатмасин!».

Муслима июлда 13 ёшга тўлган бўларди.