Ўзбекистон президенти 24 май куни «Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан йил якунига қадар порталда кўрсатиладиган хизматлар сонини 570 тага етказиш доирасида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этилган 95 та хизмат рўйхати, шунингдек, 1 декабрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг талаби бекор қилинадиган 47 турдаги маълумотлар рўйхати белгиланди.

Xalq nazorati платформаси 1 сентябргача Ангрен, Оҳангарон, Янгийўл, Чирчиқ ва Нурафшонда, йил охирига қадар эса Жиззах ва Урганчда ишга туширилади.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг навбатдаги босқичи сифатида хорижий таълим платформаларида IT йўналиши бўйича онлайн ўқув курсларида ўқиш имконияти ташкил этилмоқда.

1 октябрдан бошлаб чет тилини B2 ва ундан юқори даражада билиш даражасига эга бўлган фуқароларнинг тизим бошқаруви, маълумотлар базалари, булутли платформаларни бошқариш ва ахборот хавфсизлиги каби соҳаларда халқаро IT сертификатларини олиш харажатларини 100 фоиз қоплаш тизими жорий этилмоқда.

Нодавлат таълим марказларига IT-парк резидентлари бўлган ва IT-хизматларини экспорт қилувчи корхоналарга ишга жойлашган ҳар бир битирувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баробаригача, ногиронлиги бўлган ёшларга эса БҲМнинг 105 баробаригача бир марталик субсидия берилади.