Бухоро вилояти Когон туманида метеорологик радиолокатор (МРЛ) ускунаси ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзгидромет матбуот хизмати хабар берди .

Ускунани метеорологик, саноат ўлчовлари ва атроф-муҳит параметрларини ўлчаш соҳасига ихтисослашган Vaisala Oyj (Финландия) компанияси ўрнатди ва ишга туширди.

Метеорологик локатор 200 км радиусда мавжуд ва кутилаётган об-ҳаво ходисалари тўғрисида, жумладан булутлар оқими ва тури, шамол тезлиги ва йўналиши, ёғинлар миқдори ва тури (ёмғир, дўл, қор) ҳамда унинг давомийлиги, момақалдироқ содир бўлган ҳудудларни визуализация қилиш орқали метеорологик карталарга туширади ва олдиндан хабардор қилиш имкониятлари мавжуд.

Маълумотлар ҳар 10 дақиқада янгиланади ва мунтазам равишда Ўзгидрометнинг метеорологик локаторлар географик ахборот-таҳлилий геопорталига узатиб борилади.

Аввалроқ Тошкент, Самарқанд ва Нукус шаҳарлари аэропортларида АҚШнинг Baron Service ва Германиянинг Selex компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган «С» доплерли метеорологик радиолокатор тизимлари ўрнатилганди. Улар Ўзбекистон ҳудудида шамолнинг йўналиши, горизонтал тезлиги, радиолокатор радиусидаги ёғинлар миқдори ва жадаллиги каби метеорологик ҳодисалар, булутлар ҳаракатини кузатиш, дўл ва момақалдироқ жараёнлари ривожланишини прогнозлаш имконини беради.

Тошкент, Самарқанд, Нукус, Бухоро шаҳарларида ўрнатилган тўртта доплерли метеорологик локаторлар хизмат кўрсатишни такомиллаштиришда қўйилган яна бир қадам бўлди, дейилади Ўзгидромет хабарида.


Бу локаторлар авиация учун тайёрланадиган об-ҳаво прогнозлари ишончлилигини янада ошишига, кучли ёмғир, дўл, қор каби ҳодисаларга олиб келувчи кучли булутлиликни аниқлаш ва уни прогнозлашга хизмат қилмоқда.

«Охирги йилларда бу каби жуда тез ҳосил бўладиган хавфли ҳалокатли гидрометеорологик ҳодисаларни аниқлаш ҳозирги турли иқлимий моделларга ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда. Демак, катта масофаларни „кўра“ оладиган замонавий доплерли метеорологик радиолокатор маълумотларига эҳтиёж ортмоқда. Бу каби бир нечта ускуналарнинг интеграциялашган маҳсули атмосферадаги фактик об-ҳаво жараёнларни реал вақтда кўрсатиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Келажакда шу каби метеолакаторларни ягона платформага бирлаштириш натижасида республика ҳудудини тўлиқ қамраб олувчи ер усти метеорологик радиолокаторлар ягона тармоғига ташкил этилиб, иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари фаолияти барқарорлиги ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга эришилади.

Ўзбекистонда табиий офатлар ҳар йили ўртача 1,4 млн кишининг ҳаётига таъсир қилади, дейилади Ўзгидромет томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган маълумотларда.

2020 йилнинг апрелида Бухоро вилоятидаги кучли шамол давлат бюджетига 500 млрд сўм зарар етказганди. Табиий офат вақтида Қоракўл ва Олот туманларида алоқа ва электр тармоқлари тизимдан узилган, 5293 та уйнинг томлари ва 415 дан ортиқ автомобиллар зарар кўрган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига катта зарар етди — офат қишлоқ хўжалиги майдонларининг 20,8 фоизига ва 27,1 фоиз боғларга талофат етказди. Умумий оғирлиги 20 минг тонна бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари йўққа чиқди, 42,4 минг дарахт эса синиб кетди.