Сингапур раҳбари Ҳалима Яқуб президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 23−25-май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади, дея хабар қилди Сингапур ТИВ матбуот хизмати.

Ҳалима Ёқуб, шунингдек, 21−23 май кунлари Қозоғистонда бўлади. Бу Сингапур президентининг Марказий Осиёга биринчи давлат ташрифи бўлади.

Душанба куни Тошкент кўчалари Ўзбекистон ва Сингапур байроқлари билан безатилди.

Ҳалима Яқуб Кўксаройда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Шунингдек, Сингапур — Ўзбекистон бизнес форумида Сингапур ва Ўзбекистон ишбилармонлари билан учрашади ва Давлат бошқаруви академиясига ташриф буюради.

Бундан ташқари, мартабали меҳмон Самарқандга ташриф буюради ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашади.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 17 январь куни Сингапурга ташриф буюрган эди. Давлатлар беш йўналиш бўйича ҳамкорлик қилиш, капитали 500 млн доллар бўлган инвестиция компаниясини ташкил этиш бўйича келишиб олдилар, шунингдек, салкам 5 млрд долларлик шартномалар имзоладилар.